Қуюқ туман туфайли «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москва шаҳридан SU-1976 рейсини амалга ошираётган самолёт 131 йўловчиси билан соат 06:40да Урганчга қўна олмади ва Нукусдаги захира аэродромига юборилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Яна бир қатнов — Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY053 қатнови Тошкент аэропортида Урганчга парвозини кутмоқда. Жадвалга кўра, борт соат 08:20 да Урганчга қўниб, сўнгра HY279 қатнови билан Истанбулга йўл олиши керак эди. Бироқ Урганч аэропортида ҳамон туман сақланиб турибди.

Кўриш имконияти 200 метрдан 400 метргача яхшиланди. Учиш учун мақбул кўриш имконияти камида 800 метрни ташкил қилади. Синоптикларнинг фикрича, туман 11:00 дан 11:30 гача тарқалиши керак.

Туман Тошкентдан Андижонга бажариладиган HY091 қатновнинг ҳам кечиктирилишига сабаб бўлди. Самолёт 08:30 да парвоз қилиши керак эди, бироқ қабул қилувчи аэропортдаги туман туфайли у ҳамон Тошкентда об-ҳаво яхшиланишини кутмоқда. Таҳминан учиш — маҳаллий вақт билан 12:00 да амалга оширилади.