Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 декабрь куни қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, келгуси йил мамлакатда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бунга қарийб 13 трлн сўм мақсадли кредит ва 1,3 трлн сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган.

Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аҳоли ва қурувчиларга янги қулайлик ва имкониятлар белгиланди. Масалан, бугунги кунгача ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди. Энди бундай чеклов бўлмайди.

Сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъий назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 млн сўм субсидия тўланади. Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли учун давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил — 10 фоиз этиб белгиланади. Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам татбиқ этилади.

Яна бир янгилик — ипотека кредити олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафиллигига ҳам рухсат берилади.

Келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга иккиламчи бозордан уй олишга ҳам имконият яратилади.

Давлат раҳбари одамларга осон бўлиши учун янги уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини бир жойда ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

«Мақсадли ипотека омонати» механизми жорий этилиши белгиланди. Бунда «харидор — банк — қурувчи» ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйнинг харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.

Бош прокуратурага қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича кўрсатма берилди.