Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Қорақалпоғистонда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш муассасаларининг уч нафар ходими видеоселектор йиғилишидан хизмат манзилига қайтишда ЙТҲ оқибатида вафот этди.

ЖИЭД ахборот хизматининг хабар беришича, воқеа соат 00:10 лар атрофида Хўжайли тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Буйнеу» автомобиль йўлининг 708 километрида содир бўлган.

Жазони ижро этиш хизмати ходими И.И хизмат жойидан яшаш хонадонига қайтаётган вақтда ўзига тегишли бўлган «Cobalt» автомашинасини бошқараётиб, қарама-қарши томонларни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Ҳодиса натижасида транспорт воситасида бўлган ЖИЭМ ходимлари М.Х ҳамда Х.Х лар оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, И.И эса кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда 27-cон манзил колония бошлиғи подполковник Р.Э.Эрбоевнинг ЖИЭД олтинчи минтақавий ҳудуд, минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи подполковник Ш. М.Раджабовга юборган хабарномаси тарқалди.

Фото: TentakMinds.

Хатда қайд этилишича, майорлар 2-сон тергов ҳибсхонасига видеоселектор йиғилишига бориб, колонияга қайтишда вафот этган:

  • Олтинчи минтақавий ҳудуд 27-сон манзил колонияси бошлиғининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари майор Исаков Ислам Толыбаевич;
  • Учинчи минтақавий ҳудуд 30-сон манзил колонияси ишлаб чиқариш корхонаси бош муҳандиси Холбўтаев Хуршид Шоқосим ўғли — 27-сон манзил колониясига хизмат сафари мақсадида келган;
  • Биринчи минтақавий ҳудуд 50-сон манзил колонияси Тартибот бўлинмаси бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган, фармойиш асосида 46-сон манзил колониясига бириктирилган майор Халилов Муродулло Салимович;

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.