Андижон вилоятининг Асака туманида 2020 йилнинг июнь ойида 9 ёшли қизалоқни ўлдиришда гумонланган қўшни аёл айбдор деб топилиб, унга жазо тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Маълум қилишича, A.X. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдириш) ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 21 июнь куни тахминан 18:00 да 2011 йилда туғилган қизнинг танаси ўз уйида жонсиз ҳолатда топилган эди. Марҳумнинг кўкрак-қорин соҳасида кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилган.

2020 йил июль ойи аввалида Бош прокуратура марҳума билан қўшни уйда яшаган А. Х. (1997 йилда туғилган, бир фарзанднинг онаси) қотилликда гумондор сифатида жалб қилингани ҳақида маълумот берган эди.

Жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган бир неча гувоҳлар фожиа содир бўлган вақтда А.Х.нинг қиз яшайдиган уйга уч марта кириб-чиққанини кўришганини айтган.