Январь-октябрь ойларида йирик корхоналар томонидан 57,1 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, дея хабар қилмоқда Давлат статистика қўмитаси.

Қўмита ҳисоб-китобларига кўра, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 млрд кВт соатга ёки 9,4% га ўсган.

Таъкидлаш жоизки, бу мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмида кузатилган энг юқори ўсиш бўлиб, 2011−220 йилларда мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмида ўртача йиллик ўсиш 2,5% ни ташкил этган. Энг юқори йиллик ўсиш 2020 йилда кузатилган — 2019 йилга нисбатан 4,7%.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланган.

Сўнгги йилларда мамлакатда ялпи электр энергия истеъмоли ўсиш тенденциясини, аҳоли жон бошига электр энергия истеъмоли эса камайиш тенденциясини намоён қилмоқда. 2018 йилда аҳоли жон бошига электр энергия истеъмоли кескин ўсгани ҳолда, ялпи электр энергия истеъмолида 2017 йилга нисбатан пастроқ ўсиш кузатилган. 2019−2020 йилларда аҳоли жон бошига электр энергия истеъмоли камайган, ялпи истеъмол ўсиш суръатлари эса нисбатан тезлашганини кўриш мумкин.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланган.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида кузатилаётган қисқа муддатли узилишларга изоҳ берар экан, сув танқислиги туфайли мамлакат ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайганлигини маълум қилган эди. Шунингдек, вазирлик маълумотига кўра, жорий йилги куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга ўтган мавсумга нисбатан 12,5 фоизга кўп электр энергияси етказиб бериш кўзда тутилган.