17 ноябрдан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланишига рухсат берилди.

Vaksina.uz канали хабар беришича, бу бош давлат санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ Ўзбекистон аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, бустер (қўшимча) дозани коронавирусга қарши тўлиқ вакцинация курсини ўтаганлар охирги дозадан 6 ой ўтгач олиш мумкин. Бустер доза эмланувчи шахснинг хоҳишига биноан исталган мавжуд вакцина билан амалга оширилади.

Барча поликлиникалар ва эмлаш пунктлари қўшимча эмлаш тўғрисида хабардор қилинган бўлиб, ҳозирда қўшимча дозани олиш мумкин.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, Ўзбекистонда ҳозирда фақат қўшимча дозага рухсат берилган, ревакцинацияга эмас.

Бустер дозаси олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар emlash.uz орқали сертификатлар базасига киритилади ҳамда эмланганлик тўғрисидаги сертификатда олинган қўшимча доза ҳақида маълумотлар пайдо бўлади

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар мамлакатда 31,4 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилган. Биринчи дозани 16,4 миллиондан ортиқ киши ёки эмланиши керак бўлган фуқароларнинг 76,7 фоизи олган.