Ўзбекистон ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Эрон ва Покистондан олиб келинган картошка маҳсулотларида хавфли зараркунандаларни аниқлади. Бу ҳақда агентлик матбуот котиби Сабина Садинова 19 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ҳар йили Россия, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Қирғизистондан 400 минг тоннага яқин картошка импорт қилади, ваҳоланки, 2016 йилда бу кўрсаткич 56 минг тоннани ташкил этган. EastFruit маълумотларига кўра, Покистон Ўзбекистонга асосий картошка етказиб берувчилар давлатлар қаторига киради. 2021 йилда Эрон ҳам ушбу давлатлар қаторига қўшилди. 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда картошка маҳсулотларининг Покистондан умумий ҳисобда 127 минг тоннаси ёки ушбу даврдаги умумий картошка импортининг 11 фоизи импорт қилинган . 2021 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистонга импорт қилинган картошканинг умумий ҳажмида Покистоннинг улуши 24,4 фоизни, Эроннинг улуши эса 38,5 фоизни ташкил этди.

25 сентябрдан бошлаб Эрон ва Покистондан олиб келинган картошка маҳсулотларида Ўзбекистон учун ўта хавфли карантин зараркунандалари ҳисобланган, картошка ва полиз экинлари ҳосилига таҳдид солувчи рангпар ва тилларанг нематодалар (паразит чувалчанглар) билан юқтириш ҳолатлари тизимли равишда қайд этилмоқда.

«Яна бир муҳим фактни таъкидлаш жоизки, нематодаларга қарши курашда самарали кимёвий воситалар мавжуд эмас. Нематодлар тарқалган жойларда 30 йил давомида картошка ва полиз экинларини этиштириш мумкин эмас. Бундан ташқари, Евроосиё иқтисодий иттифоқига помидор, бақлажон, булғор қалампири, картошка экспорти билан боғлиқ муаммолар ва чекловлар қўйилиши хавфи юқори бўлади», — деди Сабина Садинова.

У халқаро экспертларга таяниб, нематодлар туфайли глобал ҳосил йўқотишлари тахминан 100 миллиард долларни ташкил этишини айтди.

Август ойидан буён Ўзбекистонга 110 минг тонна картошка импорт қилинган бўлса, шундан 104 минг тоннаси фитосанитария талабларига мувофиқлик сертификатига эга. Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги томонидан экспорт қилувчи давлатга нематодалар аниқланган 3525 тонна (3,2 фоиз) картошка қайтарилди, тадбиркорлар томонидан қайтарилишининг имкони йўқлиги сабабли 775 тоннаси (0,7 фоизи) махсус объектларда йўқ қилинди.

Агар бундай ҳолатлар такрорланса, Эрон ва Покистондан картошка олиб киришга чек қўйилиши мумкин.

Халқаро конвенцияга кўра, агентлик фитосанитария талабларини бузганлик учун Эрон ва Покистонга даъво юборган. Покистон нематодларнинг жўнатилишини текширгандан сўнг, фитосанитария сертификатлари сохталаштирилгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Афғонистонда Покистондан олиб келинган картошка бошқа мамлакатларда етиштирилган картошка билан аралаштириб, озуқа сифатида ишлатилгани маълум қилинди, деди Сабина Садинова.

Халқаро конвенция талабларига кўра, Покистон 1 ноябрдан Ўзбекистонга картошка экспортига рухсат берилган корхоналар рўйхатини тақдим қила бошлади. Агентлик сайтида эълон қилинган рўйхатга 146 та покистонлик экспортёрлар киритилган.

Натижада 3−10 ноябрь кунлари Покистондан картошка олиб киришда нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари аниқланмади.

Эронга келсак, агентлик делегацияси мамлакатга ташриф буюриб, Эрон карантин хизмати билан музокаралар олиб борди ва улар картошкани фитосанитария талабларига мувофиқ экспорт қилувчи корхоналар рўйхатини тақдим этишга ваъда берди.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ўзбекистонда нематодаларнинг тарқалиши билан картошка, помидор, бақлажон, булғор қалампири ва бошқа полиз экинлари ҳосилдорлигининг камайиши, натижасида генетик модификацияланган сабзавотларга ўтишига ва сабзавотларнинг маҳаллий навларининг йўқолиши олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 86,5 минг гектарда — картошка, 24,6 — минг гектарда помидор, 12,7 — минг гектарда булғор қалампири, 137 минг гектарда — полиз экинлари етиштирилмоқда.