Бир гуруҳ мигрантлар «Брузги» назорат-ўтказиш пунктидаги тиканли сим тўсиқларга шикаст етказиб, Беларусдан Польша ҳудудига кирди, деб хабар берди «РИА Новости».

Воқеа жойидан олинган видеода мигрантлар гуруҳи бир неча ўнлаб кишилардан иборат эканлигини кўриш мумкин. Варшава мигрантларга Беларус хавфсизлик кучлари ёрдам берганини айтмоқда, бироқ Минск ушбу маълумотни рад этди.

«Мигрантлар Беларус томонида жойлашган Кузницадаги чегара пунктини кесиб ўтишган. Уларни Польша армияси, чегара қўриқлаш хизмати ва полиция ходимлари тўхтатган. Гуруҳ тўсиқ бўйлаб юришни бошлаган», — дейилади Польша Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Чегара ўтиш жойидан олинган қисқа видеода автомобиль трассасига кўндаланг ўрнатилган сим тўсиқ бўйлаб бир гуруҳ одамларнинг қичқириқлар билан шиддатли ҳаракатини кўриш мумкин. Польша ҳуқуқ-тартибот идоралари буни панжаранинг нариги томонидан кузатиб туришган. Бир гуруҳ одамлар йўлни кесиб ўтиб, ҳаракатни давом эттиришган.

Аввал хабар қилинганидек, Афғонистон ва Ироқдан келган бир неча юз нафар мигрант Беларус-Польша чегарасида қолиб, ўтишни кутмоқда.

Ёзда Беларус ва Польша чегараларидаги Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан Ғарбий Европага ўтишга уринаётган қочқинлар оқими кўпайди. Вазият 8 ноябрь куни чегара тўсиғи олдига 2000 га яқин одам тўпланиши билан кескинлашган.

Польша хавфсизлик кучлари чегарани кесиб ўтишга бир неча уринишларни олдини олишган, жумладан, кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида ҳам. Ноқонуний мигрантлар эса ўз лагерларини ташкил қилишган.

Вильнюс, Рига ва Варшава содир бўлаётган воқеаларда беларусларни айбламоқда, Минск барча айбловларни рад этди. Лукашенконинг таъкидлашича, мамлакат энди одамлар оқимини тўхтата олмайди: Ғарб санкциялари туфайли «бунинг учун на пул, на куч бор».