Бугун кундуз куни республика ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво +10…+13 даража илиқгача исийди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

16 ноябрда Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17−18 ноябрда республиканинг барча ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади.

16−17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин, баъзи жойларда чангли бўрон бўлади.

16 ноябрда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати +13…+18 даража илиқ бўлган қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади ва ҳарорат +2…+5 даража илиқгача пасаяди.

17 ноябрда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, қорга айланади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 0…+5 даража илиқгача, шимолда кечаси −5…−8 даража совуқгача, кундуз куни 0…-3 даража совуқгача пасаяди.

18−19 ноябрда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида 18 ноябрда қор кўринишидаги ёғингарчилик сақланиб туради. Ҳарорат кечалари −5…−8 даража совуқгача, шимолда −12…−15 даража совуқгача пасаяди, кундуз кунлари 0…+5 даража илиқ, шимолда 0…-3 даража совуқ атрофида сақланиб туради.