Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Анварович Мусаев тайинланмоқда, деб хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.

Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Беҳзод Мусаев номзоди депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланиши кутилмоқда, деб ёзади депутат.

Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тадбиркорлик фаолиятини бошқариш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Миллий банкида бошлаган. 1998−2002 йилларда Молия вазирлигида ишлаб, бошқарма бошлиғидан бош бошқарма бошлиғи даражасига кўтарилган.

2010 йилда Давлат солиқ қўмитасида фаолият юритишни бошлаган. 2010−2011 йилларда қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йилнинг март ойида ушбу лавозимга қайта тайниланиб, ўша йилнинг май ойидан эса Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлган.

Президентнинг 2020 йил 14 майдаги қарори билан бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тасдиқланган.