Абдухаким Мўминович Хаджибаев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланди. 13 ноябрь куни у янги жамоа олдида таништирилди, деб «Газета.uz»га ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

У тайинловга қадар 2020 йилнинг ноябрь ойидан буён соғлиқни сақлаш вазири сифатида ишлаб келаётганди. 11 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига Беҳзод Мусаев раҳбар бўлди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Хаджибаев ўз фаолиятини оддий хирургликдан бошлаган.

Сўнгги йигирма йил давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси раиси, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва уч маротаба Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2003 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони ҳамда 2020 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.