Ҳиндистонда ўз уйлари устида Покистон байроғини кўтарган 4 фуқаро давлатга ҳиёнатда айбланиб ҳибсга олинди

Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штати полицияси ўз уйлари устидан Покистон байроғини кўтарган тўрт нафар фуқарони ҳибсга олди. Уларнинг барчаси давлатга хиёнатда айбланмоқда. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа шу ҳафта Горахпур шаҳрида содир бўлган. Полиция мусулмонлар яшайдиган бир қанча уйлар устида Покистон байроқлари осилгани акс этган видео тасвирларни олган. Шундан сўнг, Ҳиндистоннинг нуфузли ташкилотларининг шаҳар бўлимлари фаоллари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, Покистон байроғи намойиши учун жавобгарларни зудлик билан ҳибсга олишни талаб қилган.

Ҳибсга олинганларнинг даъво қилишича, улар кўтарган байроқлар Покистон давлат байроқлари эмас, «мусулмон» байроқлари бўлган. Ҳинд фаоллари айбланувчиларнинг уйларига тош отишни бошлаганларида полицияни ҳаракатсизликда ҳам айбладилар.


АҚШ, Буюк Британия ва Европа иттифоқи давлатлари миграция инқирозида Беларусни айблади

БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Эстония, Франция, Ирландия, Норвегия, Буюк Британия, АҚШ, шунингдек, Албания Беларусдаги вазият юзасидан баёнот бериб, Минскни қўшни давлатлардаги вазиятни беқарорлаштириш учун мигрантлардан фойдаланганликда айблади. Баёнот АҚШнинг БМТдаги миссияси сайтида эълон қилинган, деб ёзади Коммерсантъ нашри.

Баёнотда айтилишича, ушбу мамлакатлар «мақсади қўшни давлатлар ва Европа Иттифоқидаги вазиятни беқарорлаштириш бўлган Беларуснинг сиёсий манфаатлари йўлида ҳаёти ва фаровонлиги хавф остига қўйилаётган одамлардан фойдаланиш ва мамлакат ичида инсон ҳуқуқларининг бузилишидан эътиборни чалғитиш» борасидаги ҳаракатини қоралайди.

Томонлар Беларуснинг бу каби ҳаракатига «халқаро миқёсда кескин жавоб берилиши лозимлигини» маълум қилган. Шунингдек, улар Минскни инсонлар ҳаётини хавф остига қўймасликка ва халқаро ташкилотларга гуманитар ёрдамларни етказиб беришда тўсқинлик қилмасликка чақирди.


Афғонистонда масжидда юз берган портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятидаги масжидда юз берган портлашда уч киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди, дея хабар бермоқда Риа Новости.

«Ҳозиргача 3 киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди», дея таъкидлаган маҳаллий шифохона шифокорларидан бири.

Ўз навбатида, «Толибон» ҳаракатининг исмини ошкор этмаган вакили масжиддаги портлаш фактини тасдиқлаб, у жума намози вақтида содир бўлганини таъкидлади. Унга кўра, портлаш Спингар округида содир бўлган. Хабарда айтилишича, бу ҳудуд «Исломий давлат» террорчилик гуруҳи жангарилари фаолиятининг «ўчоғи» ҳисобланади.


Буюк Британия Эронга 1974 йилдаги шартноманинг бузилиши бўйича қарзни тўлайдиган бўлди

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани Эрон ва Британия 1979 йилда етказиб берилмаган танклар учун Теҳронга 400 миллион фунт стерлинг (535 миллион доллар) қарзни тўлаш бўйича принципиал келишувга эришганини айтди, деб хабар беради Блоомберг.

«Қарзни қайтаришнинг асосий масаласи ва унинг даражаси келишиб олинди, бироқ тўлов усули ва жараёни масаласи ҳалигача ҳал этилмаган», — деди Европа бўйлаб сафари чоғида эронлик дипломат.

2012 йилда БМТнинг Халқаро суди Буюк Британияни 1974 йилда International Military Services (IMS) ва Эрон ўртасида Англия томонидан тўхтатилган шартнома учун Эронга товон тўлашга чақирди. Бу келишувга кўра, компания Эронга 1000 донадан ортиқ Британия танкларини етказиб беришга мажбур бўлган, бироқ 1979 йилда Эронда рўй берган инқилоб ва исломий руҳонийлар ҳокимият тепасига келиши сабабли Лондон шартнома шартларини бажаришдан бош тортган. Теҳрон ҳалигача товон ололмаган.


Александр Лукашенко мигрантлар Донбассдан қурол ўтказишга уринганини таъкидлади

Беларус президенти Александр Лукашенко асосан Донбассдан келаётган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар Беларус-Польша чегарасидаги мигрантлар лагерига ўтказилиши мумкинлигидан хавотирда, деб хабар бермоқда Газета.ru нашри.

«Чегарамизда жуда хавфли тенденция мавжуд, мен буни тахмин қилдим. Бу бизнинг ҳарбийлар ва Давлат хавфсизлик қўмитаси масаласи. Лагердаги одамларга қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ўтказишга уринишлар бўлган. Сўнгги икки кундан бери қурол-яроғ ўтказиб берилган», — деди Беларус президенти.

«Асосан, қуроллар келтирилмоқда, мен ва россияликлар бу масалани назоратда ушлаб турибмиз, Путин билан шу мавзу бўйича гаплашдик. Қурол нега келтирилмоқда? Улар бу ерда провокация уюштирмоқчи» — дея таъкидлади у.

Лукашенконинг айтишича, чегара атрофидаги вазият қаттиқ назорат қилиниши лозим. «Чунки курдлар бор. Курдлар эса жангчилардир», — дея қўшимча қилган Беларус президенти.