Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳужжатларда 1998 йилда «ўлган» Анвар Жавҳаров нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш, уларга туҳмат қилганликда айбланиб, суд қилинмоқда.

Daryo нашрининг ёзишича, суд жараёнида фуқаро ўзининг тириклигини исботлашга уриниб, «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида чиқиш қилгани таъкидланган. Анвар Жавҳаров унинг «ўлик» экани ҳақида далолат берувчи сохта ҳужжатга асосланиб, уйини олди-сотди қилган нотариус «Р.Ў.га нисбатан Қарши шаҳар прокурори А.Ҳ. ҳеч қандай чора кўрмаяпти, улар бир-бирига қуда», деган маълумотни келтиргани айтилмоқда.

Бу эса бир-бирига ҳеч қандай қариндошчилиги бўлмаган нотариус ҳамда шаҳар прокурори шаънини топтаган.

Қарши шаҳар 2-сонли ИИБ тергов бўлими терговчиси Анвар Жавҳаровни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» бандида (Туҳмат) назарда тутилганидек, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилганини қайд этган.

Судланувчи Жавҳаров эса судда буни тамоман рад қилгани айтилмоқда. «Мен фақат ва фақат ўзимнинг тириклигимни исботлашга, ҳақ-ҳуқуқларимни поймол қилганларга чора кўрилишига уринганман», — деган у.

Маълум бўлишича, 1965 йил Қарши шаҳрида туғилган Анвар Жавҳаров шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкасининг қўшимча маълумотлар бандида 1998 йил 23 июнь куни вафот этган дея ёзилган.

Бу маълумот бўлимга 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган. Жавҳаровнинг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида кейинчалик у боридан айрилган.

«Турмуш ўртоғим Шаҳодат Шариповага берилган ишончнома сохта, ундаги имзо менга тегишли эмас. Менинг имзоимни сохталаштиришдан мақсад уйимни сотиб юбориш бўлган. Ва бунга эришишган», — деган Анвар Жавҳаров.

Суд номаълум муддатга танаффус эълон қилган.