6 август куни АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USIAD) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги учун халқаро нашриётлар томонидан ишлаб чиқилган иккита туркум дарсликларга лицензиялар сотиб олинганини эълон қилди. Бу ҳақда Американинг мамлакатдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

10 млн АҚШ доллари қийматига тенг туркум 5−11-синфлар учун «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар, шунингдек, 1−11-синфлар учун «Хорижий тил — инглиз тили» фанидан дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан иборат. Ўзбекистон контекстига мослаштирилган дарсликлар 2021−2022-ўқув йилида 200 та мактабда синовдан ўтказилади. Ушбу дарсликларнинг республика бўйича 6,5 миллиондан ортиқ ўқувчи ўртасида тақсимланиши 2022−2023-ўқув йилидан бошланади.

Дарсликларга қўшимча равишда, USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда USAID молиялаштирадиган «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» доирасида ишлаб чиқилган «Она тили» ва «Математика» (1−4-синфлар), шунингдек, «Информатика ва ахборот технологиялари» (5−11-синфлар) фанларидан таълим стандартларини топширди. Халқаро андозаларга максимал мослаштирилган ушбу юқори сифатли асосий ҳужжатлар Халқ таълими вазирлигига таълим тизимини модернизация қилишда ёрдам беради.


«Юқори сифатли таълим — тараққиётнинг кучли драйвери ҳамда қашшоқликни камайтириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг кучли воситаларидан бири. Болалар билим олиб, муваффақият қозонса, улар ўз ҳаётини ва ўз мамлакатини ўзгартирадиган катталарга айланадилар», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблум. «Қўшма Штатлар Халқ таълими вазирлигини ва умумий ўрта таълим соҳасида тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурига содиқлигини қўллаб-қувватлайди», — қўшимча қилди у.


«Биз Америка Қўшма Штатлари халқи ва ҳукуматидан, шунингдек, USAIDдан таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг кўп жиҳатларига доимий кўмак ва ёрдам кўрсатгани учун миннатдормиз», — деди Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. «Маълумки, сўнгги бир неча йил ичида Президентимизнинг раҳбарлиги остида ҳукумат таълим соҳасида сезиларли ривожланишга эришди. Биз тез ривожланаётган дунёда тез ўзгарувчан технологиялар билан яшаётганимиз сабабли болаларимизни инглиз тили ва информацион технологиялар кўникмаларига оммавий равишда ўргатишга эътибор қаратдик. Ишончим комилки, ҳамкорларимиз ёрдамида биз фарзандларимизга замонавий дунёда интилиш ва ўз салоҳиятини тўлиқ очиб беришга имконият яратиб берамиз».

USAID Халқ таълим вазирлигини ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019-йилнинг сентябр ойида беш йиллик Таълим тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш грант шартномасини (DOAG) имзолади. Ушбу шартнома АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ривожланиш бўйича биринчи кенг қамровли икки томонлама грант шартномасидир.


Бугунги кунга келиб DOAG доирасида 19,5 миллион АҚШ доллари ажратилди. Бугун USAIDнинг Ўзбекистондаги Миссияси директори Микаэла Мередит ва Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов DOAG доирасида яна 5,5 миллион АҚШ доллари ажратишни назарда тутувчи қўшимча ҳужжатни имзолади. Бу маблағлар ёшларнинг ишга киришидан олдин уларнинг тадбиркорлиги ва ишга тайёрлигини ошириш учун ишлатилади.