Бош прокуратура томонидан олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича белгиланган спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига ОТМга кириш имтиёзининг берилишида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари ўрганилди. Унинг натижалари 30 октябрь куни Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги.

Маълум қилинишича, 2018 йилда 421 нафар, 2019 йилда 1 213 нафар ва 2020 йилда 2 367, жами 4 001 нафар ёшлар спортдаги ютуқлари учун имтиёздан фойдаланиб, ОТМларга ўқишга кирган. Ўтган 3 йилда имтиёздан фойдаланувчилар сони 5 бараварга ортган.

Шунингдек, имтиёздан фойдаланувчилар сонини сунъий ошириш мақсадида айрим спорт мусобақаларининг сони ҳам орттирилганлиги айтилди.

Жумладан, имтиёз берувчи олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича 2018 йилда 206 та мусобақа ўтказиш белгиланган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 296 тани ташкил этиб, 30 фоизга ошган.

«Масалан, календарь режага мувофиқ 2018 — 2021 йилларда баскетбол, волейбол ва чим устида хоккей бўйича 146 та республика чемпионатлари ўтказилиши лозим бўлса-да, амалда икки баробар кўп, яъни 273 та мусобақалар ўтказилган. Натижада, бу спорт турлари бўйича имтиёз асосида ўқишга тавсия этилганлар ҳам йилма-йил ортиб борган, 2018 йилда — 18 нафар, 2019 йилда — 82 нафар, 2020 йилда — 295 нафар ва 2021 йилда — 308 нафар», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, халқаро мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар натижалари пасайиб борган. 2018 йилда имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинган спортчиларнинг 44 нафари ёки 10,5 фоизини Осиё ва Жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ташкил этган. 2021 йилга келиб бу кўрсаткич камайиб, 13 нафар ёки 0,6 фоизни ташкил этган.

«Шунингдек, миллий чемпионатларни ўтказиш жараёнини электронлаштириш, видео ва фото тасвирга олиш тизимли йўлга қўйилмасдан, барча ҳужжатлар қоғоз шаклида юритиб келинган. Бу эса, мусобақалар натижаларини жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлишини таъминламай, айрим спорт мураббийлари томонидан мусобақа натижалари сохталаштиришига имкон яратган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

2020 йилда 31 нафар спортчи қалбаки ҳужжатлар асосида ОТМларга имтиёзли равишда қабул қилинганлиги аниқланган. Шу билан бирга, жорий йилда ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда волейбол мусобақалари натижалари бўйича ҳақиқатда ғолибликни қўлга киритмаган 7 нафар спортчига имтиёзлар тақдим этилган. Йиғилишда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилди.

Қайд этилишича, ОТМларга кириш учун имтиёзли асосда тавсия этилган 1 921 нафар спортчи касбий (ижодий) имтиҳондан ўтказилган. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 213 нафари (11 фоизи) максимал баллнинг 36 фоизини ҳам тўплай олмаган. Яна 41 нафари ижодий имтиҳон талабларини умуман бажара олмаган. Ғолиб ва совриндорларнинг 147 нафари турли баҳоналар (ҳозирда спорт билан шуғулланмай қўйганлиги ва ҳ.к.) билан имтиҳонларда иштирок этмаган.

«Имтиёзларнинг ҳақиқий иқтидор эгаларига эмас, балки қўштирноқ ичидаги спортчиларга тақдим этилиши ҳолатларида асосий айбдор — мусобақа бош ҳаками бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон чемпионатига бош ҳакамни эса спорт федерациялар белгилайди. Бу жараёнга Туризм ва спорт вазирлиги аралашмайди. Ва якунда вазирлик томонидан махсус комиссияга топшириладиган ҳужжатлар ҳам айнан мусобақа бош ҳаками томонидан тақдим этиладиган баённомага асосан шакллантирилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик ОТМга кириш имтиёзлари ҳақиқатда иқтидорли бўлган спортчи ёшларга берилиши лозимлигини таъкидлади. «Уларнинг йиллар давомидаги меҳнатини йўққа чиқарган «мутахассислар»га эса албатта қонуний чора кўрилади», — дейди вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5924-сонли фармонига биноан, олимпия, паралимпия, Осиё ва Пара-Осиё ўйинлари, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ҳамда республика чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари университетларга кириш имтиҳонларисиз, қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинган.