«Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Мухтор Темиров 13-Қашқадарё сайлов округи матбуот маркази раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевни ҳақоратлади, икки мансабдор ўртасидаги низони ёритишга уринган Daryo мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан эса куч ишлатди.

Нашрнинг ёзишича, воқеа 20 октябрь куни 13-Қашқадарё сайлов округи томонидан вилоятда фаолият юритувчи ва президент сайловини ёритувчи (аккредитациядан ўтган) журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда содир бўлган.

Таъкидланишича, пресс-тур округ бош қароргоҳидан бошланиб, сўнг туманларда давом этиши керак бўлган. Иштирокчиларни ҳудудларга олиб бориш учун «Ўзбекнефтгаз» томонидан автобус ажратилган. Бироқ компания раиси ўринбосари Мухтор Темиров «автобусни олиб қўйган».

Вазиятга аниқлик киритиш учун «Ўзбекнефтгаз» мансабдорининг олдига бориб қайтган вилоят телерадиокомпанияси директори Жаҳонгир Тўйчиев ҳамкасбларига Мухтор Темировдан шикоят қилган. «Мен бу автобус пресс-тур учун берилганини айтсам, у бунга жавобан мени тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлади», — деган у.

Шундан сўнг, Жаҳонгир Тўйчиев ва бошқа журналистлар «Ўзбекнефтгаз» мансабдори нима учун ўзини бундай тутаётганига аниқлик киритмоқчи бўлган.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси ўринбосари Мухтор Темиров унинг олдига бир гуруҳ камера кўтарган журналистлар билан қайтиб келган Жаҳонгир Тўйчиевга журналистлар олдида изоҳ бермаслигини, у билан ўз хонасида холи гаплашиб олиши мумкинлигини билдирган. Шундан сўнг, вилоят сайлов округи матбуот маркази раҳбари хонада «Ўзбекнефтгаз» вакили билан гаплашган, бошқа журналистлар у ерга киритилмаган.

Ичкарига кириб, воқеани тасвирга ола бошлаган мухбир Отабек Қўлдошев «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси ўринбосари Мухтор Темиров қаршилиги ва қўпол муносабатига дуч келган. Мухбирнинг сўзларига кўра, мансабдор уни бўғиб, «таъзирини бериб қўйиши»ни айтган. Шунингдек, Темиров ва эшик олдидаги «посбон» мухбирнинг камерасини тортиб олишга уринган.

Кейинроқ, округ қароргоҳига «Ўзбекнефтгаз» мансабдори олиб қўйган автобус ўрнига журналистларни олиб кетиш учун ЎзЛиДеП рамзи туширилган автобус етиб келган. Аммо ОАВ вакиллари сайловолди ташвиқотни инобатга олиб, ЎзЛиДеП рамзи туширилган автобусда кетишдан бош тортган. Мутасаддилар автобусдаги партия логотипини олиб ташлашга киришган вақти, журналистлар бунга ҳам қарши чиқиб, туманларга бошқа микроавтобусларда чиқиб кетган.

Отабек Қўлдошев бошқа ҳамкасблари билан бирга Шаҳрисабздаги сайловолди жараёнлар билан танишаётганида, соат тахминан 12:50 ларда Мухтор Темиров телефон қилиб, хато қилиб қўйганини айтган ва журналистдан узр сўраган. У кўришиб, яна бир бор узр сўрашини айтган бироқ, учрашувга келишилган санада Мухтор Темиров «Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг топшириғи билан кетгани маълум қилинган.

Шундан сўнг, мухбир билан ҳеч ким боғланмаган. Нашрнинг «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизматидан вазият юзасидан сўраган изоҳига, аввалига бунинг учун маълум вақт сўралган, кейин эса изоҳ берилмаслиги маълум қилинган.

Daryo нашри сайловолди жараённи ёритишга жалб этилган «журналистларни ҳақорат қилган ва улардан бирига қўл кўтарган „Ўзбекнефтгаз“ раҳбари ўринбосари Мухтор Темировнинг биргина узр билан ўз ишини ҳеч нарса бўлмагандек давом эттираверишига тоқат қилиб бўлмайди», деб ҳисоблайди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ўзаро тушунмовчилик бўлган куни жамият томонидан ажратилган микроавтобус ишлаб чиқариш зарурияти сабабли бошқаси алмаштириб берилган.

«Лекин, бу вазиятни нотўғри тушунган Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси директори Жаҳонгир Тўйчиев норозилик билдирган. „Ўзбекнефтгаз“ бошқарув раисининг ўринбосари Мухтор Темиров вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган ва икки ўртадаги баҳс мунозарадан сўнг, Жаҳонгир Тўйчиев ҳаммасини тушуниб етганини билдирган ҳамда бу масалада ўртада муоаммо йўқ эканлигини билдирган», — дейилади изоҳда.

«Мен шахсан бўлиб ўтган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Жаҳонгир Тўйчиев билан боғланганимда у Мухтор Темиров билан ўрталарида ҳеч қандай кўнгилхиралик йўқ эканлигини, барчаси жойида эканлигини билдирди», — деди компания матбуот хизмати раҳбари.

У мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Апрель ойида Қарши шаҳрида Отабек Қўлдошев иш фаолияти давомида ИИБ ходимининг қўпол қаршилигига ҳам учраган эди. Мухбирнинг телефонини тортиб олиб, уни милиция бўлимига олиб боришни буюрган Қарши шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари «қаттиқ ҳайфсан» олганди. Бошқа ходимларининг ҳаракатларида эса ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмагани маълум қилинганди.