Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси 16 апрель куни Қарши шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари ва Daryo мухбири Отабек Қўлдошев иштирокида содир бўлган воқеани ўрганишни якунлади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ушбу воқеа иштирокчиси Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари Азамат Шаймарданов бўлганлигини, у «Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари»нинг тегишли бандлари ҳамда ИИО фаолиятини тартибга солувчи меъёрий буйруқлар талабларини қўпол равишда бузиб, фуқароларда ИИОга нисбатан салбий фикрлар уйғонишига сабабчи бўлганини маълум қилди. Аниқланган қонунбузарликларни ҳисобга олиб, унга «қаттиқ ҳайфсан» берилган.

Журналистни ИИБга олиб борган профилактика инспектори ва ППХ батальони бўлинма командири ИИВнинг амалдаги меъёрий буйруқлари талаблари асосида ҳаракат қилганлиги маълум қилинди.

«Хизмат текшируви хулосаси нусхаси ва тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қарши шаҳар прокуратурасига юборилган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари журналистнинг ишига аралашганлиги, хусусан, журналист жума намозини суратга олиш пайтида улар телефонини тортиб олишгани ва унинг ўзи ички ишлар бўлимига олиб кетилганлиги ҳақида хабар берилган эди.