Наманган вилоятида октябрь ойи охирларида содир бўлган иккита йўл транспорт ҳодисасида 8 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олди, 3 киши эса вафот этди.

Биринчи ҳодиса 25 октябрь куни 15:30 лар атрофида Чуст туманида содир бўлди. 1991 йилда туғилган Damas автомобили ҳайдовчиси Кўктош маҳалласи ҳудудида йўлдан ўтаётган 71 ёшли фуқарони уриб юборган.

Пиёда чап қўл тирсак суяги ёпиқ синиши, бош мия очиқ шикасти ташхиси билан шифохонага ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 26 октябрь куни оламдан ўтган.

Иккинчи ҳолат 27 октябрь куни соат 16:30 лар атрофида Тўрақўрғон туманида қайд этилган. 1988 йилда туғилган фуқаро Cobalt машинасини ишончномасиз бошқарган ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган. Оқибатда у 30 ёшли фуқаро бошқарувидаги Damas автомобилига бориб урилган.

Damas машинаси ҳайдовчиси билан бирга жами 10 киши бош мия очиқ ва ёпиқ шикасти, қовурға суяклари синиши, ўнг оёқ болдир суяги синиши ва чиқиши каби оғир жароҳатларни олган. Уларнинг икки нафари, 34 ёшдаги аёл ва унинг ўғли воқеа жойида вафот этган.

Шифохонага ётқизилган фуқаролар 30 ёшдан 70 ёшгача бўлиб, уларнинг орасида 2 ёшли қизча ҳам бор.

Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳам туманларнинг ИИБ ҳузуридаги тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.