Ўзбекистонда бўлиб туриш визаси муддати тугаётган Афғонистон фуқаролари ўз юртига қайтариб юборилмайди, чунки мамлакатлар ўртасидаги чегара жисмоний шахслар учун ёпиқ. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбирига Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги вакили маълум қилди.

Олдинроқ «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA), инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) Ўзбекистонда бўлиб турган 70 дан Афғонистон фуқароси ўз юртига депортация қилиниши мумкинлигини таъкидлаган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, 2021 йил августининг ўртасида «Толибон» ҳаракати ҳокимият тепасига келгач улар уч ойга Ўзбекистон визасини олишган ва мамлакатга таклифнома бўйича эмас, мажбуран келишганлиги учун ҳозирда визаларнинг узайтирилмаслигидан хавотирда.

«Ҳеч қандай камситиш ҳолатлари йўқ. Ҳозирда бундай масала тургани йўқ, чунки Афғонистон билан чегарамиз ёпиқ (жисмоний шахслар учун — таҳр.)» — деди ИИВ вакили.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 13658 нафар Афғонистон фуқароси бўлиб турибди. Шулардан 13032 нафари вақтинча яшаётган бўлса, улардан кўплари Ўзбекистонга бизнес масалалари бўйича ҳамда қариндошларини кўришга келишган.

ИИВ вакилининг маълум қилишича, Афғонистон фуқароларининг визаларини узайтириш учун Ўзбекистондаги вақтинчалик яшаш жойи бўйича миграция бўлимларига мурожаат қилиш лозим.

«Яшаш майдонининг эгаси рухсати билан улар рўйхатга олинади. Ўзбекистон қонунларини ва республикада бўлиб туриш қоидаларини бузмаётган хорижий фуқароларга визалар узайтирилади», — дея қўшимча қилишди вазирликда.

Август ойи ўрталарида толиблар мамлакатда ҳокимиятни қўлга олгач, 150 нафар афғонлар афғон-ўзбек чегарасини кесиб ўтишди. Кейинроқ уларнинг барчаси янги афғон расмийларидан хавфсизлик бўйича кафолатлар остида ўз юртига қайтарилди.