Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Хўжа Порсо масжиди бузиб ташлангани бўйича ишни тергов қилиш мақсадида Бош прокуратурага юборди.

Аввалроқ, Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Марғилондаги қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди (360 градусда эски ҳолати кўриниши) бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирган эди. Унда таъкидланишича, 2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида хом ғиштдан қурилган бинонинг деворлар конструкциясида ҳамда пойдеворда чўкиш ёки ёрилишлар мавжудлиги, намлик таъсирида деворнинг уқаланиши бошлагани, «юк кўтарувчи ва тўсиқ конструкциялар» меъёрий ҳужжатлари талабларига умуман мос келмай қолгани аниқланган.

Масжиднинг янги кўриниши. Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Эътиборлиси, хабарда шунингдек, «техник жиҳатдан бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган», дея қайд этилган.

Маданий мерос агентлиги Марғилон шаҳридаги Хўжа Порсо жомеъ масжиди бузиб ташлангани юзасидан ўз хулосасини эълон қилиб, агентлик ҳузуридаги Илмий кенгаш рухсат бермаганини маълум қилди.

Фарғона вилояти маданий мерос бошқармасининг 2021 йил 14 августдаги 851-сонли хатига асосан «Хўжа Порсо» жомеъ масжиди ҳудудида қўшимча бино иншоотлар қуриш бўйича лойиҳа таклифи Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилган.

Ўрганишлар натижаси юзасидан 2020 йил 3 ноябрдаги хат билан Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасига «Хўжа Порсо» жомеъ масжиди ҳудудида миллий рўйхатдаги Республика аҳамиятига эга бино мажмуаси сақланган ҳолда, бинонинг янги бош режаси тақдим қилиниши, бино кўриниши Марғилон анъанавий меъморчилиги асосида лойиҳалаштирилиши, гумбаз, арка (равоқ) қурилиши усулига эътибор қаратилиши юзасидан кўрсатма берилган.

«Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмагани, янги ва эски биноларни бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмагани ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «Илмий-эксперт кенгаши томонидан сўралган маълумотлар Маданий мерос агентлигига қайта тақдим этилмаган».

Мазкур масала юзасидан ўрганилган хулосалар барча тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўрнатилган тартибда Бош прокуратурага ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилди.