АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегация Ўзбекистонда чегара хавфсизлиги масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм ўзининг Twitter`даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Аввалроқ, Politico америка нашри АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари октябрда Ўзбекистондаги ташриф давомида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи эканлигиниёзган эди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ушбу хабарга изоҳ бера туриб, Ўзбекистон ҳудудида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти «муҳокама қилинмаяпти ва бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ», — дея таъкидлаган эди.

«Мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегациянинг ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳукумати билан сўнгги бир неча кун ичида икки томонлама ҳамкорлик бўйича самарали музокараларда иштирок этиш ва чегара хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилишдан жуда хурсандман», деб ёзади Дэниел Розенблюм.

Май ойида The Wall Street Journal нашри АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшин ва ҳарбий техникани Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштирилиши имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистоннинг 2018 йил январь ойида қабул қилинган Мудофаа доктринасига кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштиришга рухсат берилмайди.