Ўзбекистон ҳудудида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти муҳокама қилинмаяпти ва бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ. Бу ҳақда журналистларга Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши доирасида маълум қилди.

Олдинроқ, Американинг Politico нашри АҚШ конгрессидаги манбаларига таяниб, Пентагон расмийлари шу ой Ўзбекистонга ташриф буюриб, терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эди.

«Кун тартибидаги энг муҳим масала „горизонт орти“ терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилиш бўлади. Бу АҚШ армиясининг кузатувини ва Афғонистондаги мўлжалларга зарба беришини енгиллаштиради», — деб ёзган эди нашр.

Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, вазирлик Пентагондан мамлакатга ташриф бўйича ҳеч қандай расмий мурожаат олмаган.

Май ойида The Wall Street Journal АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшинларини Марказий Осиёда ёки Яқин Шарқда жойлаштириш вариантларини кўриб чиқаётганлигини маълум қилган эди. Мақбул вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон номлари келтирилган эди.

Ўзбекистоннинг 2018 йил январь ойида қабул қилинган Мудофаа доктринасига кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштиришга рухсат берилмайди.