16 октябрь куни имзоланган президент қарорига кўра, Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлгача 7 та метро бекатида (Беруний, Чорсу, Пахтакор, Олмазор, Туркистон, Қўйлиқ бозори, Чилонзор) транспорт ўтиш боғламалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 октябргача Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати (Туркистон, Юнусобод, Чилонзор ва ер усти ҳалқа линиясининг 3, 4 ва 5-бекати) атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади.

1 январдан қуйидаги маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобил илова ишга туширилади:

  • метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар);
  • бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари);
  • поездлар ҳаракати жадвали;
  • электрон тўлов.

2022 йил 1 апрелгача ер усти ҳалқа метро бекати йўналишида йўловчилар учун бепул WI-FI тизими билан боғлаш ва ер ости метро бекатларида мобил алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.