Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган саммитда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари — ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берган.

Пандемия шароитларида мамлакатнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланган.

«Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим эканини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма «йўл харита"сини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил сифатида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим эканига эътибор қаратган.

Давлат раҳбари Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича «Агроэкспресс» лойиҳасига қўшилишга таклиф қилди.

«Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг алоҳида долзарб аҳамиятини ҳисоб олиб, Ўзбекистон Президенти бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш орқали соҳадаги ҳамкорликнинг янги нуқталарини излаш муҳим эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ЕОИИ доирасидаги рақамли трансформация жараёнларида иштирок этиш, амалий тажриба алмашиш ва илғор технологияларнинг ўзаро трансферидан манфаатдор экани қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси экология масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чораларни кўриш зарур эканини таъкидлади.

Президент ҳамкор мамлакатларни Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирган ҳамда келгуси йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ўтказиладиган «Яшил» энергетика бўйича халқаро форумга таклиф этди.

Бундан ташқари, бирлашма доирасида яратилган Иқлим масалалари бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев саммит якунлари ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни илгари суришга хизмат қилишига ишонч билдирди.