Жиноий жавобгарликка тортиш ёши 13 ёшдан 14 ёшга оширилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев маълум қилди.

Унга кўра, Жиноят кодексига ўзгартириш киритишга доир ушбу мазмундаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.

Президентининг 9 августдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кам ёши ўн тўрт ёш қилиб белгилаш таклиф этилган эди.

Жиноят кодекси 17-моддасининг амалдаги таҳририга кўра, жиноят содир этгунга қадар 13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари (97-модданинг иккинчи қисми) учунгина жавобгарликка тортиладилар. Депутатлар томонидан таклиф этилган ўзгариш қабул қилинса, мазкур жиноят юзасидан жавобгарликка тортиш ёши 14 ёшга оширилиши мумкин.

«Хориж мамлакатлар, хусусан Германия, Италия, Испания, Япония ва МДҲ мамлакатлари жиноят қонунчилигида жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши сифатида 14 ҳисобланади», — деб ёзади депутат.

Расул Кушербаевнинг қўшимча қилишича, «мазкур ўзгаришлар инсонпарварлик йўлидаги яна бир қадам».