«Толибон» ИДга қарши кенг кўламли ҳарбий операция ўтказмоқда

«Толибон» жангарилари Aфғонистоннинг бир қанча вилоятларида «Исломий давлат» (ИД) террорчилик гуруҳига қарши ҳарбий операция ўтказмоқда. Хабарга кўра, жанглар камида тўртта провинцияда — Кобул, Кунар, Нангархар ва Парвонда бўлиб ўтмоқда. Aйнан ўша ерда, маълумотларга кўра, ИД жангарилари сўнгги пайтларда «Толибон»га қарши ҳужумлар уюштиришмоқда. «Махсус кучларимиз разведка билан биргаликда ИДга қарши операциялар ўтказмоқда. Биз бу ҳаракатни йўқ қила оламиз ва мамлакатда унинг қўзғолонини тўхтатамиз деб умид қиламиз», — деди ҳаракат матбуот котиби Билол Каримий. Унинг сўзларига кўра, операциялар давомида ўнлаб ИД аъзолари ўлдирилган, шунингдек, ўнлаб террорчилар қўлга олинган. — Интерфакс (EFE).

Шунингдек:

  • Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида шиа масжиди портлатилди. «Толибон» вакиллари камида 100 киши портлаш натижасида ҳалок бўлганлигини таъкидламоқда. Ҳозирча ҳеч қайси террорчи гуруҳ ушбу теракт учун масъулиятни ўз бўйнига олгани йўқ.

Ҳиндистон сайёҳлик визаларини беришни бошлайди

Ҳиндистон 15 октябрдан бошлаб бир ярим йиллик танаффусдан сўнг хорижий фуқароларга туристик визалар беришни бошлайди. Бундай визани олиш учун сайёҳлар чартер рейс билан келиши керак бўлади, деб ёзади The Times of India. 15 ноябрдан бошлаб мунтазам рейслар билан келган сайёҳлар ҳам туристик визалар олишлари мумкин бўлади.

Таъкидланишича, сайёҳлик визаларини жорий этиш охирги ойларда бизнес, дипломатик ва талабалик визаларини беришга рухсат берилганидан кейинги қадам бўлди. Aввалроқ, дастлабки 500 минг хорижлик сайёҳ визаларни текин олиши ҳақида хабар берилган эди.


Google иқлим ўзгаришини инкор этувчи контентни монетизация қилишни тақиқлади

Google ўзининг сайтлари ва YouTube’да илмий доираларда иқлим ўзгариши тўғрисида пухта ўрганилган назарияни инкор этувчи реклама ва контентни монетизация қилишни тақиқлашини эълон қилди. Чекловлар иқлим ўзгаришини сохталаштириш ёки фирибгарлик деб аташ, узоқ муддатда глобал исиш таъсирини инкор этиш, СО2 чиқиндилари ва инсон фаолияти иқлим ўзгаришини тезлаштиради дея тарғиб қилувчи контентга тааллуқли.

Компаниянинг баёнотига кўра, улар сўнгги йилларда реклама бўйича шерикларидан норозиликларни эшитишмоқда. Улар ўзининг рекламалари ёнида «иқлим ўзгариши ҳақидаги ноаниқ даъволар»дан иборат бўлган рекламаларни кўришни хоҳламаяпти, манба эгалари эса бундай нарсалар саҳифаларида пайдо бўлишига қарши чиқишмоқда.


Японияда юз берган кучли зилзила оқибатида 30 дан ортиқ киши жароҳат олди

Токио ҳудудида кучли зилзила натижасида 32 киши жароҳатланди, улардан уч нафари оғир шаклларда жароҳат олган. Таъкидланишича, ушбу зилзила Японияда 2011 йилдан буён содир бўлган энг йиригидир.

Фожиа оқибатида сув таъминоти тизимида ўнлаб узилиш ҳолатлари қайд этилган, шаҳар атрофи поездлари ва метро ҳаракатланиши тўхтатилган. East Japan Railway компанияси поездлар ҳаракати жума куни эрталаб қайта тикланди, деб хабар берди. Tokyo Electric Power Company холдинги Токио марказидаги 250 га яқин уй вақтинча электр таъминотисиз қолганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, зилзила пайшанба куни кечки соат 22:41 да бошланган. AҚШ Геология хизмати зилзила магнитудасини 5,9 баллга баҳолади. Зилзила маркази Чиба префектурасининг шимоли-ғарбида 80 км чуқурликда жойлашган. — Интерфакс.

Бундан ташқари:

Тунисда иккита поезднинг тўқнашуви оқибатида 30 дан ортиқ одам жароҳат олди. «Пайшанба куни кечқурун «Мегрин-Риад станциясида иккита йўловчи поездининг тўқнашуви оқибатида камида 33 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди», — деди Тунис миллий темир йўл компанияси вакили Хассен Миади. Унинг аниқлик киритишича, Тунис ва Габеснинг жанубий чеккаларидан келаётган йўловчи поездлар тўқнашган. Тўқнашув сабабларини аниқлаш учун тергов бошланди. — Интерфакс (TAP).


Сьерра-Леонеда ўлим жазоси бекор қилинди

Aфриканинг ғарбий қисмида жойлашган Сьерра-Леонеда ўлим жазоси бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Жулиус Маада Био тегишли қонунни имзолагандан сўнг маълум қилди. «Сьерра-Леоне тарихида янги саҳифа очилди. 20 йилдан сўнг расмийлар ўз мажбуриятларини бажардилар, республикада ўлим жазоси бутунлай бекор қилинди», — деди президент.

Мамлакат раҳбари томонидан имзоланган қонун июль ойида парламент томонидан қабул қилинганди. 1991 йилдан буюн амалдаги Сьерра-Леоне конституциясида ватанга хиёнат, исён, ўта оғир ҳолатлардаги қотиллик ёки ўғрилик учун ўлим жазоси кўзда тутилган. Охирги марта 1998 йилда, тўнтаришга уринишда айбланган 24 нафар зобит қатл этилганди. Ўлим жазоси ўрнига мамлакат ҳукумати оғир жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосини сақлаб қолди. — ТАСС (AFP).

Бундан ташқари:

Нигерия шимоли-ғарбидаги Замфара штати полицияси ҳудуднинг турли жойларида қароқчилар томонидан ўғрилаб кетилган 187 кишини озод қилди. Қароқчилар асирларни 50 кундан кўпроқ ушлаб туришган. Таъкидланишича, 17 киши асирда бўлганида очликдан вафот этган. Озод бўлганлар штат ҳокимиятига топширилди. — ТАСС (The Punch).


Шунингдек:

  • 2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти россиялик журналист Дмитрий Муратов ва филиппинлик журналист Мария Рессага топширилади. Нобель қўмитаси уларнинг демократия ва тинчликнинг асосий шарти бўлмиш сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди.
  • AҚШ сенаторлари давлат қарзининг чегарасини вақтинча ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқулладилар. 50 нафар сенатор лойиҳани қўллаб-қувватлаган, 48 нафари қарши чиққан. Мазкур қонун лойиҳаси шу йилнинг 3 декабрига қадар давлат қарзи чегарасини 480 млрд долларга оширишни назарда тутади. Аввалроқ, мамлакат раҳбари Жо Байден республикачиларга мурожаатида, агар мамлакат Конгресси давлат қарзининг чегарасини оширишга рози бўлмаса, юзага келиши мумкин бўлган дефолт долларнинг жаҳон захира валютаси мақомини таҳдид остига солади, деб айтган эди.