Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида шиа мазҳабига мансуб аҳоли масжиди портлатилди, дея хабар бермоқда Associated Press.

Қундуз полицияси раҳбарининг ўринбосари Дўст Муҳаммад Обаиданинг айтишича, масжидга худкуш террорчи томонидан олиб кирилган бомба жума намози вақтида портлатилган бўлиши мумкин. «Толибон» ҳаракати вакилларининг сўзларига кўра, камида 100 киши портлаш натижасида ҳалок бўлган.

«Мен шиа биродарларимизни ишонтиришим мумкинки, Толибон уларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёр», деди Обаида. Ҳолат бўйича тергов ишлари бошланган.

Ҳозирча ушбу портлашни ҳеч қайси террорчи гуруҳ ўз бўйнига олгани йўқ. Associated Press илгари толибларга қарши уюштирилган терактлар «Ислом давлати» томонидан амалга оширилганлигини қайд этди.

Ҳозирча Қундуздаги портлашда ҳалок бўлганлар сони бошқа манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Агар бу рақамлар тасдиқланса, бу август ойида «Толибон» ҳукумат тепасига келганидан кейин амалга оширилган энг катта теракт бўлади.