2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти журналистлар Мария Ресса (Филиппин) ва Дмитрий Муратовга (Россия) топширилди.

Нобель қўмитасининг таъкидлашича, мукофот уларнинг «демократия ва давомий тинчликнинг асосий шарти бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун» берилган.

Россиялик журналист Дмитрий Муратов «Новая Газета» газетасининг бош муҳаррири ҳисобланади. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси унинг таҳририятини «бугунги кунда Россияда мамлакат миқёсида таъсирга эга ягона ҳақиқий танқидий газета» дея таърифлаган.

Мария Ресса филиппин-америкалик журналист ва муаллиф бўлиб, у қарийб йигирма йил давомида CNN учун жануби-шарқий Осиё минтақасида суриштирувчи мухбир сифатида фаолият юритган. У, шунингдек Филлипиндаги онлайн ОАВ Rappler`нинг ҳам-муассиси ва ижрочи директори ҳисобланади.

2020 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти Жаҳон озиқ-овқат дастурига очлик билан курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун берилган эди.