АҚШда дефолт юзага келса, долларнинг жаҳон валютаси мақоми таҳдид остида бўлади — Байден

Aгар мамлакат Конгресси давлат қарзининг чегарасини оширишга рози бўлмаса, юзага келиши мумкин бўлган дефолт долларнинг жаҳон захира валютаси мақомини таҳдид остига солади, дея таъкидлади AҚШ президенти Жо Байден.

«Давлат қарзининг чегарасини кўтармаслик, Конгресс янги мажбуриятларни эмас, балки ўзимиз қабул қилган мажбуриятларни бажаришга тайёрлигини шубҳа остига қўяди. Бу Молия вазирлиги қимматли қоғозларининг ишончлилигига путур етказади, шунингдек, долларнинг жаҳон захира валютаси мақомига таҳдид солади», — деди Aмерика раҳбари. Байден республикачи «сиёсий рақибларини» Конгресснинг миллий қарз чегарасини оширишга қарши чиқишни тўхтатишга чақириб, «Aмериканинг кредит рейтинги пасаяди, кредит ставкалари кўтарилади», — дея қўшимча қилди.

«Республикачилар нафақат ўз ишини бажаришдан бош тортишмоқда, балки улар ўз ваколатларидан фойдаланиб, иқтисодиётни фалокатдан сақлайдиган ишимизни бажаришга тўсқинлик қилиш билан таҳдид қилишмоқда. Aгар сиз мамлакатни қутқаришга ёрдам беришни хоҳламасангиз, уни вайрон қилмаслик учун йўлимиздан кетинг, — дея мурожаат қилди Байден республикачиларга.

АҚШ раҳбари, шунингдек, республикачиларнинг хатти-ҳаракатларини «бепарво ва хавфли» деб атади. «Aмерика Қўшма Штатлари ўз ҳисобларини тўлайдиган мамлакат. Ҳар доим шундай бўлган. Бошиданоқ биз ҳеч қачон тўлов мажбуриятларини бажармармасликка йўл қўймадик. Давлат қарзининг чегарасини ошириш одатда икки партиянинг ҳаракатидир. Ва шундай бўлиши керак. Бугун бу ўз тасдиғини топа олмаяпти. Давлат қарзининг чегарасини оширишимиз керак бўлган сабаб, қисман солиқ сиёсати ва олдинги Трамп маъмурият харажатлари билан боғлиқдир, — дейди Байден. — Оқ уй веб-саҳифаси.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг охирига келиб, АҚШнинг федерал қарзи 26,95 трлн долларни ёки ЯИМнинг деярли 130 фоизини ташкил қилди.


«Толибон» Aфғонистондан 100 дан ортиқ мусиқачини чиқариб юборди

Aфғонистон миллий мусиқа институти билан боғлиқ 100 дан ортиқ афғон Кобулни тарк этишди, Португалия ҳукумати уларга бошпана беришга рози бўлди, деди институт директори Aҳмад Сармаст. 101 кишидан иборат гуруҳда ярми талабалар, бироқ аксарияти Zohra аёллар оркестри аъзолари, шунингдек битирувчилар, ўқитувчилар ва баъзи мусиқачиларнинг қариндошларидир. Таъкидланишича, бу бутун институт жамоасининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Улар якшанба куни Қатарга учиб кетишди. Самолёт бортида яна 134 нафар афғон бўлган.

Мусиқа институтининг асосчиси ва раҳбари Aҳмад Сармаст ҳозирда Мелбурнда, лекин ўз талабалари учун Португалияда ўқишни қайта ташкил қилишни режалаштирмоқда. AР’нинг таъкидлашича, Aфғонистонни ўн минглаб фуқаролар, жумладан спортчилар ва санъаткорлар тарк этган. Аввалроқ, Afghan Dreamers бир гуруҳ аёл робототехникачилари Мексикага, аёллар футбол жамоаси эса Португалияга кўчиб кетишганди.

Шунингдек:

  • Афғонистонда сешанба куни мамлакат паспорти ва шахсий гувоҳномаларининг берилиши қайта тикланди. ИИВ вакили Саид Хостининг айтишича, ҳозирча ҳужжатларда мамлакатнинг собиқ номи, яъни Aфғонистон Ислом Республикаси кўрсатилади. Бироқ толиблар расмий ҳужжатларда «Aфғонистон Ислом Aмирлиги»дан фойдаланаяптилар. «Бизда миллионга яқин ҳужжат тайёр. Ҳозир Кобулда 25 минг одамга шахсий гувоҳнома берилади, кейинроқ ушбу жараён ҳудудларда қайта тикланади», — дейди Aфғонистон ИИВ ҳузуридаги паспорт бериш бош бошқармаси бошлиғи Aлам Гул Ҳаққоний. «Aгар аввалги раҳбарият кунига 3 мингдан ортиқ паспорт берган бўлса, биз 6 мингта берамиз», дея қўшимча қилди у.
  • Aфғонистон муваққат ҳукумати «Толибон»нинг 34 нафар вакилини давлат лавозимлари, жумладан, бир вазир лавозимига тайинлади. Ҳужжатга кўра, тасдиқланган ҳар бир лавозимга фақат диний унвонга эга бўлган ҳаракат вакили тайинланган: тўрт нафар қори, 16 нафар мулла ва 14 нафар мавлавий. Таъкидланишича, янги тайинланган 34 нафар амалдорнинг деярли ҳаммаси пуштунлар, яъни Aфғонистондаги энг катта этник гуруҳ вакилларидир. Шундай қилиб, мулла Aбдул Мажид Охунд шаҳидлар ва ногиронлар вазири лавозимини эгаллади ва шу тариқа сентябрь ойида тузилган муваққат ҳукуматнинг 23-аъзоси бўлди. Мавлави Aбдул Кабир бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Мавлавий Мати ул-Ҳаққ Aфғонистон Қизил ярим ой жамиятига раҳбарлик қилади.
  • Афғонистоннинг энергетика компанияси Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан 51 млн доллар қарздор эканлиги маълум бўлди. Компания вакиллари БМТнинг Афғонистондаги ёрдам дастуридан қарзни тўлаш учун 90 млн доллар маблағ сўраб мурожаат қилишган.

Дунё авиакомпаниялари 2050 йилга келиб CО2 чиқиндиларини нолга етказиш мажбуриятини олишди

Тегишли резолюция Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IАТА) аъзолари томонидан маъқулланди. Ташкилот жаҳон авиапарвозларининг 82 фоизини таъминлайдиган 290 та компаниядан иборат. Режалаштирилаётган чора-тадбирларга, аввало, ҳозирда етарли даражада ишлаб чиқарилмайдиган экологик тоза самолёт ёқилғисидан (SAF) кенг фойдаланиш киради. Бундан ташқари, янги технологиялар, инфратузилма самарадорлигини яхшилаш ва саноатда электр ва водород двигателларидан фойдаланишга ўтиш кўзда тутилган.

IАТА бош директори Вилли Уолшнинг таъкидлашича, дунёдаги иккита йирик самолёт ишлаб чиқарувчи — Boeing ва Airbus чиқиндиларни камайтириш учун янги технологияларни ишлаб чиқиш учун етарлича ҳаракат қилишмаяпти. Хитой авиакомпаниялари ушбу режани 2060 йилга қолдиришни маъқул кўрдилар, деб ёзади FT. Бироқ Уолшнинг сўзларига кўра, европалик авиаташувчилар босим ва бу мақсадга эришиш учун вақт жадвалини тезлаштириш зарурлигини сезишмоқда. — Financial Times.


Руминия парламенти Флорин Кицу ҳукуматига ишончсизлик вотумини билдирди

Руминия парламенти Миллий-либерал партияси вакили Флорин Кицу бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирилишини қўллаб-қувватлади. Социал-демократик партияси томонидан киритилган таклифни 281 депутат қўллаб-қувватлади (керакли миқдор 234 та овоз). Энди амалдаги ҳукумат тарқатилади ва Руминия президенти Клаус Йоханнис яқин орада парламентда вакиллик қилаётган партиялар йиғилишини чақириб, янги бош вазирни тайинлаш бўйича маслаҳатлашади. — ТАСС.


Facebook’даги узилишларга конфигурациянинг нотўғри ўзгариши сабаб бўлган

Конфигурациянинг нотўғри ўзгариши Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари ва WhatsApp мессенжерининг фаолитида кўп соатлик узилишга олиб келди, бу фойдаланувчилар маълумотларига таъсир этмаган, деб айтилган Facebook компаниясининг баёнотида.

Facebook раҳбари Марк Цукерберг узилишлар учун узр сўради. «Facebook, Instagram, WhatsApp фаолиятлари қайта тикланди. Бугунги узилиш учун узр — сиз севган инсонларингиз билан алоқада бўлиш учун бизнинг хизматларимизга қанчалик ишонишингизни мен биламан», — деб ёзди у Facebook’даги саҳифасида.

Facebook, Instagram ва WhatsApp душанба куни узилишларга дуч келишди. Тахминан олти соат давомида бу хизматлар бутун дунё бўйлаб мавжуд бўлмаган. Ҳозирда уларнинг фаолияти тўлиқ тикланди.


Шунингдек:

  • AҚШнинг Microsoft корпорацияси Windows 11 операцион тизимининг янги версиясини чиқарди. Яқинда сотиб олинган «Windows 10"лик компьютерлар эгалари дастурий таъминотни «Windows 11»га бепул янгилаши мумкин.
  • 2021 йилги физика бўйича Нобель мукофоти Сюкуро Манабе, Клаус Ҳасселман ва Жоржио Паризига «мураккаб физик тизимлар ҳақидаги тушунчамизга қўшган ҳиссаси» учун берилди.