2021 йилда Япониянинг ISUZU компанияси бутун дунё бўйлаб 729- авлод автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатишга қарор қилди. Эндиликда компания маҳсулотлари фақат 700P авлодининг экологик ва янада қулайроқ конфигурацияларида ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда ISUZU шассисидаги автобуслар, юк машиналари ва махсус транспорт воситаларини ишлаб чиқариш билан Самарқанд автомобиль заводи шуғулланади. 700P авлодига ўтишга оид қарори ISUZU NPR 66PB, ISUZU NQR 71PL, ISUZU FVR 33P, ISUZU FVR 33G моделларига тегишли. Яқин орада уларни ишлаб чиқариш тўхталади, деб хабар берди «СамАвто» матбуот хизмати «Газета.uz»га.

«Завод ишлаб чиқарадиган линияда янги авлод маҳсулотлари мавжуд. Масалан, автобус талаби 700P авлодлари бўлган SAZ НС 45 ва SAZ HD 50 моделлари билан қондирилади. Заводнинг конструктор бюроси ҳозирда НС 42 ва HC 43 русумли (мос равишда шаҳар ташқарисида ва шаҳарда ҳаракатланадиган туридаги) автобуслар устида ишламоқда», дейилади компания хабарида.

«СамАвто» МЧЖ ҚК бош директорининг маркетинг ва сотув бўйича ўринбосари Илҳом Ярашев қайд этишига кўра, харидорлар ва 729-авлод автомобиллари эгалари учун эҳтиёт қисмлари яқин 10 йил ичида мавжуд бўлади. Завод Японияда ушбу авлод машиналари учун деталларнинг 1000 та комплектига катта буюртма берган.

700P авлод автобуслари, юк машиналари ва махсус транспорт воситалари такомиллаштирилган тормоз тизими, эргономика ва яхшиланган дизайнга эга, шунингдек, кондиционер, ён ойналарининг электрон иситгичи ва марказий қулф билан жиҳозланган.