Бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик нафақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида, балки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам жорий этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда амалдаги президент ва ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни сайловчилар билан учрашиш учун Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида айтиб ўтди.

«Болаларга бепул тушликни бошланишига Қорақалпоғистон, Хоразмдаги шароитни инобатга олиб, шу ҳудудларда апробация қилиб, йўлга қўйиб оламиз. Биз буни аутсорсинг тизимида, коррупциядан холи ташкил этишни ишлаб чиқамиз. Очиғи, ҳамма ерда шароит бир хил эмас. Мактабда бола қорни очса, дарсни ташлаб, уйига шошади. Қорни тўқ бола яхши ўқийди», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда «Ўзбекистон 24» журналисти Азиза Қурбонова.

Кейинчалик республиканинг барча ҳудудларида бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш жорий этилиши режалаштирилган.

«Бу тизимни бошқа жойларда ҳам қиламиз. Албатта, бу жуда қийин, аммо биз болаларимизга шуни қилмасак, нима учун юрибмиз?», — дея қўшимча қилди президент.

Аввалроқ, Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова 22 сентябрь куни сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушталар ташкил этилиши ҳақида таъкидлаган эди. У мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортларидан фойдаланиш бепул асосда йўлга қўйилишини ҳам қўшимча қилган.

«Газета.uz» ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун давлат бюджетининг тахминий харажатларини ҳисоблаб чиққан эди.