2022 йилдан туман ва шаҳарлар бюджетлари ҳисобидан ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ҳудудлардаги ички йўлларни таъмирлашга ажратилади. Бу бўйича президент 22 сентябрь куни қарор қабул қилди.

Қарорга кўра, 1 октябргача фуқаролар ташаббуси жамғармасида 1 млрд сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 млрд сўм ажратилади. Шунингдек, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотлар расмий веб-сайт ва «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб бориши керак. Ушбу қоидани бузиш бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

Қарорга мувофиқ, фуқароларнинг ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этилиши даражаси бўйича ҳудудлар рейтинги жорий этилади.

Ҳар бир маҳалла ва овулда «Очиқ бюджет» ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи «мобил» гуруҳлар ҳамда «ташаббускорлар бурчаги» ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджет бўйича овоз бериш жараёнининг якунида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 41125 та таклиф келиб тушгани маълум қилинганди. Фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббуслар учун овоз бериш жараёнида 1,15 миллион киши иштирок этганди. Натижада 881 та лойиҳа энг кўп овоз тўплаган еди.

Бундан ташқари, «Газета.uz» бу платформа қандай ишлаши ва бюджет тақсимотида қандай иштирок этиш мумкинлиги бўйича маълумот берганди.