22 сентябрь куни Inter IKEA Systems B.V. компанияси Ўзбекистонда IKEA товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлигига ариза юборди. Бу ҳақда Spot.uz хабар берди.

Компания фаолият турлари рўйхати ариза иловасида келтирилган:

  • ёритиш, иситиш, совутиш, буғ чиқариш, пишириш, қуритиш, шамоллатиш, сув таъминоти, лампалар, музлатгичлар учун мосламалар ва қурилмалар;
  • мебель, нометалл, суратлар учун рамкалар, шу жумладан креслолар, диванлар, шкафлар, столлар, кўрпа-тўшаклар ва бошқалар;
  • Уй ва ошхона анжомлари ҳамда идишлари;
  • реклама хизматлари, учинчи шахслар учун маркетинг ва сотишни рағбатлантириш хизматлари, франчайзинг фойдаланувчиларининг бизнесини бошқариш, шунингдек, мебель, интерер буюмлари, ички безатиш маҳсулотларини сотиш ва сотиб олиш бўйича ходимларни бошқариш хизматлари.

Интеллектуал мулк агентлигига кўра, компания аризаси кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» февраль ойида Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов президентга IKEA фабрикаси Чирчиқда қурилишига доир лойиҳани намойиш қилгани ҳақида хабар берганди. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 52 млн АҚШ долларига баҳоланганди.

Шундан сўнг, IKEA компанияси 2025 йилга қадар дунё бўйлаб 12 та дўконини очишни кўзда тутгани, бироқ Ўзбекистон мазкур рўйхатда ҳам мавжуд эмаслиги ҳақида малум қилганди. Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов президентга тақдим этилган, бироқ IKEA томонидан рад этилган мебел фабрика қурилиши лойиҳаси тадбиркорлар томонидан таклиф сифатида берилганини айтган эди.