8 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Андижон ва Тошкент вилоятларидаги инвестиция лойиҳалари билан танишди.

«Газета.uz» ушбу тақдимот слайдларини кўриб, Чирчиқ шаҳри ҳудудида IKEAнинг инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси қурилиши режалаштирилганлигига эътибор қаратди.


Унга кўра, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 22 ой ичида инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа ташаббускори сифатида «IKEA» МЧЖ кўрсатилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 52 млн АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, 10 млн доллар лойиҳа ташаббускорининг ўз ҳисобидан, қолган 42 млн доллар эса хорижий инвестиция эвазига молиялаштирилади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5,5 гектар ер майдони ажратилиши сўралган.

Мебель ишлаб чиқариш фабрикаси ишга тушгач, 320 та янги иш ўрни яратилади. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 3,2 минг дона мебель ва 17 млн долларга баҳоланмоқда.

IKEA — бу трансмиллий корпорация бўлиб, 1943 йилда Швецияда 17 ёшли Ингвард Кампрад томонидан тузилган. Компания тез йиғиладиган мебель, ошхона техникаси ва уй жиҳозларини ишлаб чиқаради. Бош офис Нидерландияда жойлашган. IKEA 2008 йилдан бери дунёдаги энг йирик мебель сотувчиси ҳисобланади. IKEAнинг кўплаб магазинлари INGKA холдинг компаниясига тегишли, компания эса Stichting INGKA — дунёнинг энг бой 40 та фондларидан бири томонидан бошқарилади. Август ойининг охирида Ingka Group 50дан ортиқ мамлакатларда 445 та магазинларга эга эди.