Афғонистонда транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бу мамлакатда тўлақонли ва барқарор фаолият юритадиган ҳукуматнинг иродаси ва тайёрлигига боғлиқ, дейилади «Валдай» клубининг 20 сентябрда эълон қилинган янги ҳисоботида.

Душанба куни Тошкентда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда «Валдай» халқаро мунозара клубининг «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» конференцияси бўлиб ўтди. Анжуман доирасида клубнинг «Евросиёнинг темир каркаси: континентал алоқалар ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари» янги ҳисоботи тақдим этилди.

«Бугун Афғонистон ҳудудидан ўтадиган ҳар қандай транспорт-инфратузилма лойиҳалари узоқ муддатли стратегик истиқболга эга. Бу истиқболларнинг реаллиги ва мақсадга мувофиқлиги, турли минтақавий ва Евроосиё ўйинчиларининг турли амбициялари ва манфаатларига қарамай, тўғридан-тўғри келажакда тўлақонли ишлайдиган Афғонистон ҳукуматининг сиёсий иродаси ва тайёрлигигагина боғлиқдир», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларининг баҳо беришича, Кобул йўлаги деб аталадиган — «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли лойиҳаси ишга тушган дастлабки йилларданоқ юк ташиш ҳажмини йилига 10 млн тоннага етказиш имконини беради. «Бу кутиш Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши ва унинг расмийлари ҳамкорликка тайёр бўлган тақдирда, Мозори Шариф минтақанинг тўлиқ транспорт марказига айланиши мумкинлиги билан боғлиқ эди», — дейилади хабарда.

«Бироқ бугунги кунда 2021 йил август ойида Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ўзгариши мазкур ташаббуснинг келажагига қандай таъсир қилиши ҳамда охир-оқибат уни амалга оширишда қайси давлатлар ва халқаро ривожланиш институтларининг иштирок этиши тўлиқ аниқ эмас», — деб ёзади муаллифлар.

Шу билан бирга, ҳисоботда Марказий Евросиёнинг «континентал тавқи лаънат», яъни континентал қуруқликнинг катта қисмлари ва йирик денгиз йўлларидан узоқлиги, бунинг натижасида логистика нархининг ошиши афсона эканлиги қайд этилган.

«Бир неча юз йиллар мобайнида шаклланган канон (қонун-қоидалар) қуруқлик ўртасидаги давлатларга уларнинг номукаммаллиги ҳамда денгиз савдоси йўллари ёқасидаги мамлакатларга қарамлиги ҳақидаги ғояни сингдириб келади. Денгиз савдо йўлларига чиқишга кўп ҳолларда панацея (ҳар дардга шифо афсонавий малҳам — таҳр.) ва халқаро иқтисодий алоқаларни жалб қилиш, шу билан фойда олиш кафолати сифатида қаралади», — дейилади ҳисоботда.

«Аммо, аслида, халқаро иқтисодий ҳаётда қатнашиш ёки қатнашмаслик шарти денгизга чиқиш имконияти билан боғлиқ эмас. Денгиз савдо йўллари ҳамма учун ҳам эркин эмас ва кўп ҳолларда хавфли. Улар фойдаланувчиларни денгиз ҳудудини назорат қилиш учун ҳарбий имкониятларга эга кучларга қарам қилиб қўйишади», — дейди экспертлар.

«Қуруқликдаги савдо йўлларининг ривожланиши бир-бирига қўшни бўлган ва шунинг учун келишишга кўпроқ асосларга эга бўлган мамлакатлар масаласидир. Бунинг асосий шарти — қўшнилар билан ҳамкорликка таяниб, ўз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳаракат қиладиган ҳукуматларнинг объектив иқтисодий имкониятлари, сиёсий шароитлари ва иродасидир», — дея маълум қилди ҳисобот муаллифлари.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон мазкур Трансафғон йўлини қуриш бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилишини эса сентябрь ойида бошлаш режалаштирилган эди. Лойиҳа иштирокчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, транзит салоҳияти 20 млн тоннагача бўлган янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва кейинчалик Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» йўлининг аҳамияти ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳалигача Ўзбекистон маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келмоқда. Афғонистон орқали темир қурилиши бошланиши билан Ўзбекистон ўзининг экспорт бозорларини диверсификация қилиши, қўшни давлатлар эса ўзбек маҳсулотларига транзит тарифларини пасайтириши кутилмоқда.

«Темир йўлнинг тинчлиги, хавфсизлигини ким таъминлаб беради? Фақат покистонликлар. У ерда 200 млн аҳоли бор, агар ушбу бозорга чиқа олсак, денгиз портлари орқали бошқа катта бозорларга ҳам чиқамиз», — деган эди у.