Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиб, марҳум шарқшунос Андрей Кубатин оиласининг маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвосини қисман қаноатлантирди, дея маълум қилди унинг синглиси Клара Сахарова «Газета.uz»га.

17 май куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди ҳам маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъволарни қисман қаноатлантирган эди. Суд талаб қилинган 3,5 млрд сўм ўрнига жавобгар — Тошкент ҳокимлиги Молия бош бошқармасига 30 млн сўм тўлаш мажбуриятини юклади.

Марҳум олимнинг рафиқаси Феруза Жуманиёзованинг сўзларига кўра, суд унинг «шаъни, қадр -қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳақиқатга зид бўлган маълумотлар тарқалгани сабабли» олим сифатида фаол ижтимоий ҳаётини давом эттира олмагани, илмий асарлар ёзолмаган, ўғлини тўлиқ тарбиялаш билан шуғуллана олмаганинини ҳисобга олмаган.

У, шунингдек, яшалган азоб-уқубатлар, тананинг умумий тонуси ва уйқу бузилиши, шунингдек, 2011 йилда туғилган фарзандларининг ҳуқуқлари бузилгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Адокат Сергей Майоров Учтепа туманлараро судининг мазкур қарори маънавий зарар миқдори норасмий равишда реабилитация қилинадиган шахсга етказилган моддий зарар билан бевосита боғланиши билан боғлиқ мавжуд амалиётдан келиб чиққанини тахмин қилди.

Унинг сўзларига кўра, Андрей Кубатинга ноқонуний судланганлик оқибатида етказилган бевосита моддий зарар миқдори 59 млн сўм деб белгиланган.

«Эҳтимол, туманлараро фуқаролик суди маънавий зарар миқдори тўғридан-тўғри етказилган моддий зарар миқдорининг ярми сифатида белгиланиши керак, деган хулосага келгандир, аслида эса ноқонуний судланганлик натижасида етказилган маънавий зарар миқдори етказилган моддий зарар миқдоридан бир неча марта катта бўлиши керак», — дея таъкидлади у.

Адвокат «Учтепа судининг нотўғри ва адолатсиз қарори Олий суд Пленумининг «Маънавий зарарни қоплаш тўғрисида"ги тавсияларига зид эканлигини таъкидлади.

«Суд А. Кубатин оиласи аъзолари бошидан кечирган азоб-уқубатлар, чекловлар, хушкўрилмасликларни ҳисобга олмади. Суд ўз яқини — Андрей Кубатиндан айрилганликнинг нақадар аччиқлигини инобатга олмади. Учтепа суди арзимаган 30 млн сўмни тайинлашда на адолат туйғусига, на Олий суд Пленумининг тавсияларига амал қилган. У, эҳтимол, давлат бюджетига тушадиган юкни камайтириш мақсадида давлатнинг нотўғри тушуниладиган манфаатларини кўзлаган», — деди у.

Сергей Майоров Ўзбекистон Андрей Кубатин ва унинг оиласи олдидаги у ва унинг оила аъзоларига қарши жиноят содир этилгани учун жавобгар эканлигига доир баҳсга ҳожат бўлмаган далилга эътибор қаратмаганини таъкидлади.

У фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарорини ўзгартириб, оила аъзолари фойдасига 3,5 млрд сўмлик маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилишни сўради.

17 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси судяси Гузал Зиганшина раислигида ўтказилган суд коллегияси даъвони қисман қондириб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилди ва компенсация миқдорини 150 млн сўмгача оширди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси мазкур суммани Андрей Кубатиннинг хотини ва ўғлига тўлаши керак.

Марҳум олимнинг синглиси ва онаси маънавий зарар учун компенсация олиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Клара Сахарованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, у «уйдирилган иш» доирасида укасини 15 суткалик ҳибсга олган ходимларга нисбатан жиноят ишини қўзғатишга эришиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашиш ниятида эканлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 29 октябрь куни шарқшунос олим, турколог Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирус асоратлари туфайли вафот этди. 2017 йилда у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланиб, 5 йилга (апелляциягача — 11 йилга) озодликдан маҳрум этилганди. Айблов хулосаларига кўра, у чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу иш уюштирилганини таъкидлашган эди. 2019 йил сентябрь ойида олим Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан оқланган.

13 сентябрь куни Андрей Кубатин Нурсултон шаҳрида жойлашган Халқаро Турк Академиясининг олтин медали билан тақдирланди.