БМТ бош котиби глобал ривожланишга халақит бераётган олтита «йирик ажратувчи»ни номлади

Инсоният барқарор ривожланишга эришиш учун олтита «йирик ажратувчи»ни енгиб ўтиши керак, дея таъкидлади БМТ бош котиби Aнтониу Гутерриш. Унинг сўзларига кўра, булар:

  • Тинчликнинг йўқлиги. Бош котиб Фаластин-Исроил келишувига эришиш, Aфғонистон, Яман, Ливия, Мьянма, Сурия ва дунёнинг бошқа қисмларидаги можароларни тўхтатиш кераклигини айтди. «Ҳарбий тўнтаришлар қайтмоқда. Халқаро ҳамжамият ўртасида бирликнинг йўқлиги [муаммоларни ҳал қилишимизга] халал бермоқда», — деди Гутерриш. Унинг таъкидлашича, дунёнинг иккита йирик иқтисодиёти рақобатлашар экан, жиддий иқтисодий қийинчиликларни енгиш мумкин эмас.
  • Иқлим ўзгариши муаммоси.
  • Мамлакатлар ўртасидаги тенгсизлик. «Ривожланган мамлакатлар пандемиядан олдинги ўсиш суръатларига шу йилнинг охиригача эришар, аммо даромади кам мамлакатлар эса йиллар давомида таъсир остида қолиши мумкин», — деди БМТ бош котиби.
  • Гендер масалаларидаги муаммолар.
  • Интернет тармоғига тенг шароитда улана олмаслик. «Aҳолининг ярми интернетга улана олмайди. Биз 2030 йилгача барчани [интернетга] улашимиз керак», — деди у.
  • Авлодлар ўртасидаги келишмовчиликлар. «Бизнинг „умумий кун тартиби“ дастури доирасида дунёдаги 1,8 млрд ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида таълимни трансформация қилиш бўйича юқори даражадаги конференция ўтказилади», дея таъкидлади бош котиб.

Бундан ташқари, унинг фикрича, инсоният ўз тарихида ҳали ҳеч қачон ҳозирги каби хавф остида бўлмаган. «Мен бу ерда бонг уришга келдим: дунё уйғониши керак. Биз ўпқон чегарасида турибмиз ва нотўғри йўналишда кетмоқдамиз. Бизнинг дунё ҳеч қачон ҳали бундай таҳдид остида бўлмаган», — дейди у. «[Бизнинг] бирлигимизга энг зарур бўлган вақтда ҳаракат етишмаяпти», дея қўшимча қилди у.


Украинада президент ёрдамчисининг машинаси ўққа тутилди

Лесники қишлоғи яқинида (Киев вилояти) Украина президентининг биринчи ёрдамчиси Сергей Шефирнинг машинаси ўққа тутилди, натижада машина ҳайдовчиси жароҳат олди, деб хабар берди Украина Миллий полицияси. Ҳодиса соат 10:00 атрофида содир бўлган. Қайд этилишича, машинага 12 та ўқ келиб тушган.

Мамлакат раҳбари Владимир Зеленский Нью-Йоркда БМТ Бош Aссамблеяси сессиясида сўзга чиқишидан сўнг дарҳол Киевга қайтишини маълум қилди. «БМТ Бош Aссамблеясида сўзга чиқишимдан сўнг, мен пойтахтга йўл оламан. Очиғини айтганда, бунинг ортида ким турганини билмайман. Ҳозирча. Бу кучлар, эҳтимол, ички ёки ташқи. Aммо мен уларни куч деб ҳисобламайман, чунки дўстимнинг машинасига ўрмондан ўқ билан „салом“ юбориш ожизликдир», — деди у.

Президент идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, ушбу ҳужум олигархларнинг ижтимоий жараёнларга таъсирини камайтириш сиёсатига қарши чиқиш билан боғлиқ.

Украина Миллий полицияси бошлиғи Игорь Клименконинг айтишича, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари суиқасднинг учта асосий версиясини кўриб чиқмоқда. Дастлабки маълумотларнинг келиб тушишини ҳисобга олган ҳолда, полиция «жабрланувчининг давлат фаолияти билан боғлиқ ҳолда, мамлакатнинг юқори раҳбариятига босим ўтказиш» версиясини кўриб чиқмоқда. Яна бир версия — Украинадаги сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уриниш, дейди у. Учинчи версияда бу ҳодисага хорижий разведка хизматларининг иштироки текширилади.


Намибияда намойишчилар Германиядан геноцид учун 9 млрд доллар тўлашни талаб қилишди

Намибия пойтахти Виндхук шаҳрида бўлиб ўтган намойишларда, Германия томонидан мустамлакачилик даврида содир этилган жиноятлар учун компенсация тўловларини 9 млрд долларгача кўпайтириш талаб қилинди.

Bloomberg’нинг ёзишича, парламент биноси олдида мухолиф партиялар ва ҳаракатлар томонидан бир неча юз киши иштирокида норозилик акцияси уюштирилди. Намойиш Намибия парламентида Германия ҳукумати томонидан 1,1 млрд евро (1,3 млрд доллар) миқдорида таклиф қилинган компенсация дастури бўйича баҳс бошланиши арафасида бўлиб ўтди. Намойишчилар миллий парламент раҳбариятига Германиядан 9 млрд доллар тўлаш талаби билан петицияни топширишди.

Май ойи охирида Германия Намибиянинг туб аҳолиси геноцидини расман тан олган эди.


Дунё ҳамжамияти аввал «Толибон» ҳукуматини тан олсин, кейин эса танқид қилсин — Забиҳулла Мужоҳид

«Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид жаҳон ҳамжамиятини «аввал Aфғонистон Ислом Aмирлиги ҳукуматини тан олишга, шундан кейингина унинг инсон ҳуқуқлари сиёсатини танқид қилишга» чақирди. Бу ҳақда Geo TV хабар бермоқа.

У ОАВ вакиллари билан учрашувда, хорижий державалар «Толибон» ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бузилаётгани учун тез -тез танқид қиладилар, деб айтди. «Биз бу бир томонлама нуқтаи назар деб ҳисоблаймиз. Aфғонистондаги „Толибон“ маъмуриятини тан олганлар, қонуний равишда янги ҳукумат билан муаммоларни кўтаришлари мумкин. Улар Aфғонистон ҳукуматини тан олганларидан кейин бу муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Мужоҳид.

Забиҳулла Мужоҳид, шунингдек, ҳаракат Aфғонистоннинг ички ишларига ҳеч бир мамлакат аралашишини истамаслигини айтди.

Шунингдек:

  • «Толибон» Aфғонистон хавфсизлик кучлари сафига коррупцияга алоқадор, шунингдек ахлоқсиз хатти-ҳаракатларда айбланган шахсларни киритмасликка кўрсатма берди.
  • Aфғонистондаги шиа озчилик вакиллари — ҳазоралар жамоаси, агар толиблар ваъдаларини бажармаса ва зулмдан тийилмаса, улар билан қуролли тўқнашувга қайтади, дея маълум қилди Aфғонистон собиқ вице-президенти, ҳазара жамоасининг етакчиси Муҳаммад Карим Халилий.
  • «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистонда аёлларнинг таълим олиши учун «шароит тайёрланаётгани» ва аёллар эркаклар билан бир хил фанларни ўқишини маълум қилди. «Жинсига қараб алоҳида дастурлар бўлмайди ва дипломлар дунёда тан олинади», — деди у.

Шунингдек:

  • Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг самолёти уч йил ичида биринчи марта Покистон ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтишга рухсат олди. Aввалроқ, Покистон уч марта Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинд ва бош вазир Модининг хорижий давлатларга парвози пайтида мамлакат ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаган эди.
  • Германиялик экологлар BMW ва Mercedes-Benz автомобиль ишлаб чиқарувчилари ички ёниш двигателларидан воз кечиши учун компанияларни судга берди. Бундан ташқари, 2030 йилга келиб ишлаб чиқарувчилар ички ёниш двигателли автомобилларни сотишни тўхтатиши керак.