Афғонистонда аёллар эркаклар билан бир хил таълим дастурларида таълим оладилар. Бу ҳақда чоршанба куни Corriere della Sera газетасида чоп этилган интервьюсида «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид, маданият бўйича комиссия раҳбари (толибларнинг муваққат ҳукуматида маданият вазири) маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Биз аёлларнинг таълим олиши учун шароит тайёрламоқдамиз. Аёллар эркаклар билан бир хил: математика, кимё, тарих, биология фанларини ўрганадилар, жинсига қараб алоҳида дастурлар бўлмайди ва дипломлар дунёда тан олинади», — деди у.

Мужоҳид, шунингдек, Кобулдаги баъзи аёллар аллақачон ишга қайтганини айтиб, «замон ўзгарганини» тан олди. «Биринчи Ислом амирлигидан бери [1996−2001 йилларда] анча нарса жуда ўзгарган. Жамият ўша пайтда анча оддийроқ эди», — дейди у.

«Толибон» вакили «Афғонистонда илдизлари бўлмаган» «Ислом давлати» га қаршилик кўрсатишига ишонтирди. «Уни зарарсизлантириш қийин бўлмайди», — дейди Мужоҳид.

Аввалроқ, «Толибон» ўрта таълимдаги қизларнинг мактабга боришини чеклагани ҳақида хабар берилган эди. «Толибон» расмийлари бу ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» дея изоҳлаган.

11 сентябрда «Толибон» ҳукумати олий таълим вазири Абдул Боқи Ҳаққоний томонидан эълон қилинган қатор тартиб-қоидаларга кўра, қизлар ва ўғил болалар алоҳида синфларда ўқитилади. «Биз ўғил болалар ва қиз болалар бирга ўқишларига рухсат бермаймиз», — дея маълум қилган эди Ҳаққоний. Қизларга фақат аёл ўқитувчилар дарс бериши мумкин. Шунингдек, Ҳаққонийнинг сўзларига кўра, университетда қизларга ўқитиладиган фанлар ҳам қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, Кобулда давлат хизматида ишловчи аёлларга ишга чиқиш тақиқланиб, фақат айрим касб эгаларига ишлашга рухсат берилди.