Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича тендери натижалари атрофидаги ҳолатни ўрганиш юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан комиссия тузилди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

«Вазият ўрнатилган тартибда қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилади. Тадқиқот натижаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилинади ва эълон этилади», — дейилади хабарда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати ҳам вазият ўрганилаётганини маълум қилди.

«Газета.uz» аввалроқ in vitro усулида етиштирилган 1 млн дона узум кўчатини етизиб бериш бўйича 9,95 млрд сўмлик тендерда De Nova Agro компанияси ғолиб бўлгани ҳақида ёзган эди. Унинг таъсисчиси сифатида Бекжон Турдиев — қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (лойиҳа буюртмачиси) раҳбари, профессор, биология фанлари доктори Алишер Тўраевнинг ўғли экани кўрсатилган.