Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази in vitro усулида етиштирилган 1 млн туп узум кўчатини сотиб олиш бўйича тендер ўтказди.

Тендерни ўтказишга президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи чоғидаги топшириғи ижроси юзасида қишлоқ хўжалиги вазирининг 2021 йил 2 апрелдаги 70-сонли буйруғи асос қилиб кўрсатилган. Молиялаштириш манбаси — Спиртли ичимликлар ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг ҳомийлик маблағлари (2021 йилда ушбу агентликнинг Тараққиёт жамғармасига давлат бюджетидан 40 миллиард сўм тушган). Тендернинг маржинал қиймати 10 млрд.

Харид комиссиясига Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази бош директори Ш. Аҳмедов раислик қилган. Тендер бўйича таклифлар De Nova Agro, Hayot Technology ва Grand Print Leader компанияларидан келиб тушган, бироқ уларнинг охиргиси ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги сабабли иккинчи босқичга ўта олмаган.

Марказ ва De Nova Agro ўртасидаги етказиб бериш тўғрисидаги шартнома.

Комиссия Hayot Technology таклиф қилган миқдордан 40 млн сўм камроқ — 9,95 млрд сўм таклиф қилган De Nova Agro компаниясини ғолиб деб эълон қилди.

30 август куни Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази De Nova Agro билан 9,95 млрд сўмга узум кўчатларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномани имзолади.

Фото: КТЯДР.

Davletovuz Telegram-канали ушбу тендерда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли борлигига эътибор қаратди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги марказ бош директори Алишер Мелсович Тўраев бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари ҳам ҳисобланади. 20 сентябрга қадар De Nova Agro директори лавозимида Анаис Алишеровна Тўраева (Алишер Тўраевнинг қизи экани тахмин қилинмоқда) фаолият кўрсатган, бироқ ҳозирда раҳбар сифатида Екатерина Стрелковская кўрсатилган.

Компания сайтида De Nova Agro`га 2006 йилда профессор, биология фанлари доктори Алишер Тўраев томонидан асос солингани кўрсатилган.

«Газета.uz» De Nova Agro`нинг ягона асосчиси (100%) Алишер Тўраевнинг ўғли Бекжон Тўраев эканлигини аниқлади.

Бекжон Тўраев, шунингдек, Анаис Тўраева раҳбари бўлган Greencell`нинг (меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш яшаш жойлари) ҳам ягона асосчиси сифатида рўйхатга олинган.

Алишер Тўраевнинг ўзи De Nova Agro ҳамда тугатилган De Nova Seeds директори ва таъсисчиси бўлган. Ҳозирда у O’simliklar Texnologiyasi компаниясининг 50 фоизлик улушига эгалик қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Газета.uz» сўровига жавоб берар экан, яқин вақтларда вазият бўйича муносабат билдирилишини маълум қилди.