Бугун, 20 сентябрь куни Пермда полиция университетда отишма содир этган шахсни ҳибсга олди, дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганлар ва ярадорлар бор, деб хабар беради РИА Новости.

«Бугун эрталаб навбатчи полиция бўлимига Пермь давлат миллий тадқиқот университети ҳудудида ўқ овозлари эшитилгани тўғрисида хабар келди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор», — дейилади хабарда.

Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, саккиз киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.

Ҳибсга олингандан сўнг, отишмада гумонланувчи талаба эканлиги аниқланди. Ҳибсга олиш пайтида у полицияга қаршилик кўрсатган ва яраланган.

Ҳужум пайтида баъзи талабалар ва ўқитувчилар аудиторияларда беркинган. Баъзилар деразадан сакраб яширинишга ҳаракат қилишган.

Май ойида Қозон шаҳридаги мактабда отишма содир бўлган. Унда ўсмир томонидан ҳужум уюштирилган эди. Оқибатда 32 кишига зарар етган. РИА Новости ва бошқа манбаларнинг маълумотига кўра, 11 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Кабулжановнинг маълум қилишича, отишмада жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Вазият Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.