АҚШ президенти Жо Байден, Австралия бош вазири Скотт Моррисон ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон хавфсизлик бўйича янги уч томонлама альянс — AUKUS тузилишини эълон қилишди, деб хабар бермоқда BBC News.

«Бу бир-бирига хайрихоҳ шериклари ва ҳамкорлари бор учта мамлакат учун ўзаро қадриятларни ҳимоя қилиш ва Ҳинд-Тинч океанлари минтақасида хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун тарихий имконият», — дейилади қўшма баёнотда.

АҚШ президенти Жо Байден таъкидлашича, ушбу ташаббус аъзо мамлакатлар манёвр қила олиши ва тез ривожланаётган таҳдидлардан ўзини ҳимоя қила олиши учун энг замонавий имкониятларга эга бўлишни таъминлашга қаратилган.

Ўз навбатида, Австралия бош вазири «дунё мураккаблашиб бораётганини», айниқса Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳолат қийинлашганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, минтақага керак бўлган хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам бериш учун мамлакатлар ҳамкорликни янги босқичга кўтариши керак.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг айтишича, ушбу альянс дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ва юзлаб юқори малакали иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Давлатлар етакчиларининг фикрига кўра, AUKUS уч мамлакатга Ҳинд-Тинч океани минтақасида ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, ушбу пакт натижасида Австралия АҚШ томонидан тақдим этиладиган технологиялардан фойдаланган ҳолда биринчи маротаба ўзининг атом сув ости кемаларини қуради. BBC маълумотларига кўра, ушбу келишув натижасида Австралия олдинроқ Франциядан 12 та шундай сув ости кемаларини сотиб олиш бўйича эришган битимидан воз кечган. Келишув қиймати 31 млрд еврога тенг эди. Франция ташқи ишлар вазири ушбу ҳолатдан норози эканлигини билдирган.

Мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект ва технологиялар бўйича бошқа келишувларни қамраб олувчи ушбу пакт сўнгги ўн йилликларда мамлакатларнинг энг катта мудофаа ҳамкорликларидан бири.

Шунингдек, AUKUS альянсидаги давлатлар кибер имкониятлар ва бошқа сувости технологиялар билан ўзаро ўртоқлашиш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Хитой халқ республикаси ТИВининг расмий вакили Чжао Лицзянь АҚШ ва Буюк Британиянинг атом сувости кемаларини қуриш бўйича технологияларни Австралияга топшириш ҳақидаги қарорини «жуда масъулиятсиз икки хил стандартлар» ҳолати деб атади ҳамда пакт иштирокчилари «эскирган совуқ уруши менталитети ва чегараланган геополитик концепциялардан» воз кечиши кераклигини таъкидлади.