Жиззах вилояти Пахтакор туманида 6 ёшли бола асфальт ётқизиш машинаси остида қолиб кетди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Ҳолат 7 сентябрь куни соат 17:10 атрофида Боғишамол қишлоғида содир бўлган. 2016 йилда туғилган Т.Ш. велосипеди билан маҳалла ҳудудида иш жараёнини ўтказаётган асфальт ётқизиш машинаси орқа томонига яқинлашган. Ҳайдовчи орқага қараб ҳаракатланган пайтида бола машина билан тўқнашиб, йиқилган ва техника остида қолиб кетган.

Оқибатда бола воқеа жойида вафот этган. Ҳолатга ҳайдовчининг бепарволиги, иш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани, ҳайдовчи олдида уни огоҳлантириб туриши керак бўлган ёрдамчи ишчиларнинг йўқлиги сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан оғир техника воситаси тегишли бўлган фирма раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома тузилган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.