Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ниагара шаршараси мамлкат байроғи ранглари билан жилоланди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, ушбу тадбир Канада ва АҚШнинг турли бурчакларидан шаршарага етиб келган ўзбекистонликлар билан ҳамкорликда ташкил этилган. Шаршарани жонли равишда 200 киши томоша қилган.

Тадбир Ўзбекистоннинг миллий мадҳияси янграши билан бошланган. Тадбирда ўзбек миллий рақслари ва куйлари ижро этилган.

Ушбу томоша онлайн режимида Facebook ижтимоий тармоғида трансляция қилинган ва YouTube видео-платформасига жойланган. Бир сутка ичида тадбирни АҚШ, Канада ва Ўзбекистондан 8 мингга яқин киши кузатган. Фойдаланувчиларнинг умумий қамрови 18 мингдан ортиқ кишига етган.

Ниагара шаршараси — Канададаги энг машҳур шаршара ва Шимолий Америкадаги энг машҳур туристик жойлардан биридир. Ҳар йили шаршарага миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Шаршаранинг кенглиги — 792 метр, баландлиги — 53,6 метр.

Видео