Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар ва коммунал инфратузилмаларни модернизация қилмасдан қурилаётган янги бинолар масаласига тўхталди.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, Ўзбекистонда кейинги йилларда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланди. Сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4−5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилди, бу йилнинг ўзида 54 минг оилани янги уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, деди у.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз илгари уй-жой қурилишига замон талабларидан келиб чиқиб, бундай кенг ёндашмаганмиз ва ҳозиргидек кенг кўламдаги қурилиш ишларини амалга оширмаганмиз. Биз бу йўлда дастлабки қадамларни қўйиб, катта тажриба орттирмоқдамиз. Барча ҳудудларимизда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ипотека бозори ривожланаётганини ва «арзон уй-жойлар», «ақлли уй», «ақлли шаҳар», «рақамли хизматлар» деган янги тушунча ва кўникмалар кириб келаётгани ҳақида таъкидлади.

Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланаётганини маълум қилди,

«Келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим», — дея таъкидлади у.

Давлат раҳбари ушбу соҳадаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш ва яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатларига.

«Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти. Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз», — деди президент.

«Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар — газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Февраль ойида инвестицион лойиҳалар тақдимотида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга мурожаат қилиб, шаҳар ичидаги қурилиш лойиҳалари ҳақида танқидий фикрлар билдирди. «Мен Тошкентда 4−5 йил ишлаганман оғайни. Бу ерга 120 мм ли кичкинагина канализация қўйганмиз… Сен эса у ерда 9 қаватли уй қурибсан», — деган эди президент.