Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

  • Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига,
  • Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига,
  • Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар (шундан, 578,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига,
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар (шундан, 1 090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига,
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар (шундан, 1 002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига ўтказилди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.

Сенат хабарида Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2,7 млн кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсганлиги таъкидланади.

«Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг йил сайин ошиб бориши шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади. Бу каби муаммолар Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда.

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларда 42 та маҳалла мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда 95 872 нафар аҳоли (23 249 та оила, 29 010 та хонадон мавжуд) истиқомат қилади. Ушбу ҳудудларда 15 та (2025 ўринли) мактабгача таълим ташкилоти, 16 та (8756 ўринли) умумтаълим мактаблари ва 6 та оилавий поликлиника мавжуд. Шу билан бирга, 1 421 та кичик тадбиркорлик субъекти саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида фаолият юритмоқда.

«Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига ер майдонлари ўтказилиши натижасида аҳоли турмуш шароити янада яхшиланиб, ишлаб чиқариш
ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шаҳар экспорт салоҳиятини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилашга олиб келади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудларни муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш бўйича Ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ҳукумат қарори билан Тошкент вилояти ва шаҳрининг бир-бирига ўтказилаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли хатловдан ўтказиш орқали янги манзил бўйича қайта рўйхатга олинади. Вилоят ва шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўчмас мулклари кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақамларини ўзгартириш ва гувоҳнома бериш каби масалалар ҳал этилади.

Нозик масала

Ўтган йили Тошкент ва Тошкент вилояти туташ туманларининг ҳудудий тузилмасини ўзгартириш бўйича лойиҳа жамоатчиликда кўплаб саволлар туғдирган эди. Президент матбуот хизмати аҳоли қулайлиги учун 1010 гектарлик пойтахт ер майдонларини Тошкент вилояти тасарруфига ва 8371 гектарлик вилоят ер майдонларини пойтахт ҳудудига ўтказиш режалаштирилганлиги ҳақида хабар берган эди. Таклиф давлат раҳбари Шавкат Мирзиеёв томонидан маъқулланди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров томонидан тақдимот қилинган лойиҳа билан Тошкент шаҳридаги Сергели ва Учтепа туманлари ҳудудларининг бир қисмини, шунингдек Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек шаҳарчасини Тошкент вилоятининг Зангиота ва Қибрай туманларига ўтказиш кутилаётган эди. Вазир пойтахт чеккасида, яъни Сергели туманидаги саноат ҳудудлари жойлашган, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб 37 гектарлик ер майдонини Тошкент вилоятига ўтказиш режалаштирилганини таъкидлаган эди.

Ўзгаришлар тааллуқли бўлган Тошкент маҳаллалари аҳолиси ушбу қарорга қарши чиқишди. «Газета.uz» Учтепа, Улуғбек шаҳарчаси ва Сергели тумани аҳолиси имзо қўйган петициялар ҳақида ёзган эди. Натижада лойиҳани қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилинди.

Декабрь ойининг охирида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йилда Тошкентнинг ҳеч қайси қисми Тошкент вилоятига ўтмаслигини таъкидлаган эди.

23 июль куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши Тошкентнинг тўртта тумани чегараларини ўзгартиришни маъқуллади.