Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳудудларини ўзгаритириш лойиҳаси қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг Ўзбекистон ҳукумати ва пойтахт ҳокимлигидаги ахборот манбалари маълум қилди.

Аввалроқ президент матбуот хизмати аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров пойтахтнинг Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларидан бир қисми, шунингдек, Мирзо-Улуғбек тумани таркибидаги Улуғбек шаҳарчасини Тошкент вилояти ҳудудига ўтказиш таклиф этилаётганини маълум қилди.

Тошкентнинг ҳудудлари ўзгариши мўлжалланаётган маҳаллалари аҳолиси ушбу таклифга қарши чиқди. «Газета.uz» Учтепа тумани ва Улуғбек шаҳарчаси аҳолиси норозилик билдираётгани ҳақида ёзган эди. Учтепа ва Сергели туманларида аҳоли кўчага йиғилиб, мутасаддилардан изоҳ талаб қилишди.

Сергели туманидаги гул бозори яқинида йиғилган аҳоли. Фото: Telegram.

Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев аҳоли билан учрашувда шаҳар чегараларини ўзгартириш таклифи ҳали лойиҳа эканини таъкидлаб, ушбу масалани Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан муҳокама қилишга ваъда берди.

11 август куни пойтахт ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган «Ўрикзор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси аҳолига видеомурожаатида «ҳудуднинг бир метри ҳам Зангиота туманига ўтмайди», деди. «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида у буни тасдиқлади ва лойиҳа кечиктирилганини айтди.

«Газета.uz»нинг пойтахт маъмурияти ва ҳукуматдаги манбалари лойиҳа қайта кўриб чиқилишини тасдиқлади, аммо қачон амалга ошиши ва қандай ўзгаришлар бўлиши ҳозирча номаълум.

Қурилиш вазирлигининг билдиришича, ўзгартириш лойиҳаси Тошкент ҳокимлиги томонидан тайёрланган. Пойтахт маъмуриятидан расмий изоҳ олишнинг иложи бўлмади.