Пойтахтнинг Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларидан бир қисми, шунингдек, Мирзо-Улуғбек тумани таркибидаги Улуғбек шаҳарчасини Тошкент вилояти ҳудудига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, саноат зоналари жойлашган Тошкент катта ҳалқа йўли (ТКҲЙ) бўйлаб Сергели туманига қарашли 37 га ер майдони пойтахтдан ташқарида жойлашган. Ушбу майдонларни Тошкент вилоятига бериш режалаштирилган.


Умумий майдони 135 га бўлган Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудининг бир қисми ҳам Тошкент вилоятига ўтади.


Бундан ташқари, ТКҲЙнинг чап томонида жойлашган Учтепа тумани ҳудудининг 453 га майдони Тошкент вилоятининг Зангиота туманига берилади.


«Бу шаҳар билан вилоятнинг чизиғини аниқ белгилаш учун қилинмоқда», — дея таъкидлади Ботир Зокиров.

Шунингдек, эфирда президент пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига қарашли, 385 гектар майдонга эга бўлган Улуғбек шаҳарчасини Тошкент вилоятига бериш тўғрисидаги таклифни маъқуллагани маълум қилинди. Шаҳарчанинг Қибрай туманининг маъмурий марказига айланиши кутилмоқда.


Давгеодезкадастр қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаевнинг таъкидлашича, президент Тошкент вилоятидаги қўшни туманлар ва ҳудудларни ўзгартириш масаласини кўтарган. Хабар қилинишича, бу ерда жами 19 та анклав ҳудуди мавжуд.


Масалан, Қибрай тумани ҳудудининг 62 га ер майдонини Бўстонлиқ туманига, яна 55 гектарни Юқоричирчиқ туманига ўтказиш бўйича таклифлар маъқулланди. Бўстонлиқ туманидан 257 га ер майдони эса Чирчиқ шаҳрига ўтказилади.


Бундан ташқари, Ангрен шаҳридаги 1094 га ер Паркент тумани, яна 140 га Оҳангарон туманининг бир қисмига айланади. Шу билан бирга, Паркент тумани Бўстонлиқ туманидан 493 га ер майдонини олади.


287 гектар ер Пскент туманидан Бўка туманига ва ўз ўрнида Бўка туманидан 8 гектар Оққўрғон туманига ўтади.


Режага кўра, Янгийўл тумани ҳудудининг 196 га қисми Янгийўл шаҳрининг бир қисмига айланади. Умумий майдони 296 га бўлган Янгийўл ва Зангиота туманлари чегаралари темир йўл чегараларини белгилаш орқали оптималлаштирилади.


Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Унда пойтахтдан Тошкент вилоятига 1010 га, вилоятдан пойтахтга 10196 га ер майдони ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида «Янги ҳаёт тумани»ни ташкил этилиб, унга Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратилади ва Янги ҳаёт туманинининг ҳудуди жами 4085 га тенг бўлиши маълум бўлди.