Сурхондарёдаги божхона постида қарийб 100 кглик гиёҳвандлик воситаларини контрабанда орқали олиб ўтишнинг олди олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 25 август куни тунги соат 3:30 ларда қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги Merсedes-Benz русумли юк автотранспорт воситаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Сариосиё» чегара божхона постига кириб келган.

Хабарга кўра, ҳайдовчи ҳужжатларда кўрсатилганидек, автотранспорт воситасига 20 тонна оғирликдаги ип калава юкланганини маълум қилади. Ушбу автотранспорт воситасининг тиркамаси белгиланган тартибда хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида, тиркаманинг олд томони пастки қисмига хуфёна тарзда жами 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани фош қилинган.

Қайд этилишича, мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида яшил ва қизил ранглардаги 82 та ўрамга 85 кг 505 грамм оғирликдаги «героин» ҳамда 11 дона сариқ рангли ўрамга 11 кг 425 грамм оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси жойланганлиги маълум бўлди.

«Шундай қилиб, мазкур ҳолатда жами 96 кг 930 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг республика ҳудудига яширинча олиб кирилишининг олди олинди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 1,3 тоннадан ортиқ ёки ўтган йилга нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўпроқ наркотиклар партияси йўқ қилинган эди. Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 та, яъни аввалги йилга нисбатан 20 фоиз кўпроқ жиноят фош этилгани маълум қилинган.