Тана ҳарорати юқори бўлган ва коронавирусга чалингани учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнаша олмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари 23 август куни бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда ДТМ.

Тест синовларида қуйидагилар қатнаша олади:

  • Тест синовига келган вақтда тана ҳарорати 37 градусдан юқори эканлиги аниқланган ва тегишли далолатнома расмийлаштирилган абитуриентлар;
  • 16 августга қадар коронавирусга чалинганлиги сабабли қўшимча тест синовларида иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилган ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан коронавирусга чалинганлиги тасдиқланган абитуриентлар.

ДТМда аниқлик киритилишича, қайта ташкил этилган тест куни ҳам тана ҳарорати 37 градусдан юқори бўлган ёки коронавирусдан тўлиқ соғаймаган абитуриентлар учун бошқа тест синовлари ташкил этилмайди.

Абитуриентлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани СЭО томонидан тегишли маълумотлар Давлат тест марказига тақдим этилгандан сўнг 21 август кунидан бошлаб my.dtm.uz сайти орқали юклаб олишлари мумкин бўлади.